Фирибгарлик билан боғлиқ жиноят фош этилди
Маълумки бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида ҳайдовчиларнинг назарий ва амалий билим ҳамда кўникмаларини ошириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Шундан келиб чиққан ҳолда ҳайдовчилар тайёрлаш ўқув курслари ва улардан якуний синов имтиҳонларини қабул қилиш жараёнлари очиқ, шаффоф шу билан биргаликда қатъий назорат остида ўтказилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу борадаги жараёнларда қонунбузилиш холатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан профилактик ва назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 14 январь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси Хоразм вилояти бўйича бўлими ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида Хонқа туманида яшовчи Ж.Б. фуқаро И.Ж. ва унинг икки нафар танишини ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун синов имтиҳонларидан ўтказишда ёрдам бериши айтиб, ишончига кириб, ундан 400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олаётган пайтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Хозирги кунда мазкур холат юзасидан фуқаро Ж.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28-211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати