12 Ноябр 2021 йил 607

Гендер тенгликни таъминлаш ва зўравонликка қарши курашиш мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди

Жорий йил 10-11 ноябрь кунлари Урганч шаҳрида Хоразм вилояти “Истиқбол” аёллар маркази томонидан “Ўзбекистонда гендер тенглиги” мавзусида семинар - тренинг ўтказилди. Тренинг Марказий Осиё ва Афғонистонда “Луч света” минтақавий дастури ташаббуси кўмагида “Ҳаммамиз биргаликда зўравонликка қарши” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Ўқув машғулотлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ билан ҳамкорлигида ташкил этилди. Тренингни пойтахтдан таклиф этилган Ўзбекистон Республикасининг гендер тенглиги бўйича миллий экспертлари олиб боришди. Тренингнинг мақсади ва вазифалари иштирокчиларга гендер ва гендер тенглиги тушунчаларини бериш, гендер ва зўравонлик муаммолари ўртасидаги боғлиқлик,  шунингдек, зўравонлик ва гендер тенглиги муаммосини ижтимоий шерикликда бартараф этиш чора-тадбирларини ўрганишга қаратилди. Иштирокчиларга гендер тенглик ҳамда гендер ва зўравонликка оид қонунчилик базаси ҳақида маълумотлар берилди. Семинар-тренингда вилоят Ички ишлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, шунингдек Урганч давлат университети мутахассис ва масъул ходимлари ҳамда жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Семинар-тренинг давомида ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари жорий йилнинг 25 ноябрь кунидан 10 декабрь кунига қадар давом этадиган  “Зўравонликка қарши 16 кун” кампанияси даврида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режасини тақдим қилдилар.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech