2 Декабр 2020 йил 825

“Гиёҳвандлик занжири” боғлаган шахсларнинг қилмиши фош этилди

Хоразм вилояти ИИБ ва унинг ҳудудий ички ишлар органлари томонидан  вилоятимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши самарали кураш олиб борилаётганлиги сабабли жорий йилнинг ўтган даврида гиёҳвандлик билан боғлиқ бир неча жиноятларнинг фош этилишига эришилди.

Жумладан, жорий йилнинг 25 ноябрь куни Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида целофан бўлагига 4 та алоҳида қадоқланган “опий” гиёҳвандлик воситасини 2 600 000 сўмга қонунга хилоф равишда сотишга уринган, Урганч шаҳрида яшовчи, 1970 йилда туғилган, Қ.Р. жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Олиб борилган суриштирувлар натижасида у ушбу гиёҳвандлик воситаларини таниши, Урганч шаҳрида яшовчи, 1969 йилда туғилган, А.А. дан 2 400 000 сўмга сотиб олганлиги маълум бўлди. Шу боис гумондор А.А. йўловчи сифатида кетаётган “Нексия-3” русумли автомашина тўхталиб, у билан суриштирув олиб бориш жараёнида, ушбу автомашинада бирга кетаётган таниши, 1970 йилда туғилган, Р.Қ. ҳам ўзининг хатти-ҳаракатлари билан гумон туғдирганлиги сабабли, уларнинг ёнлари ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганида, А.А. ёнида яна бир бўлак целофан бўлагига ўралган “опий” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги аниқланган бўлса, унинг таниши Р.Қ. нинг  чўнтагида эса қоғоз парчасига ўралган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Илгари гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан Қ.Р. ва Р.Қ. ларни ўзаро боғлаб турган “гиёҳвандлик занжири” га уланиб  олган А.А. ларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech