11 Январ 2023 йил 268

Гиёҳфуруш шахснинг шериклари ҳам ёнида гиёҳвандлик воситаси сақлаб қўйганликлари маълум бўлди

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек ўтказиш билан жиноятларни аниқлашга қаратилган тезкор тадбирлар давом этмоқда.

2023 йилнинг 6 январь куни Хоразм вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан юқоридаги йўналишда ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳам гиёҳфурушлик билан боғлиқ холат фош этилди.

Жумладан, Хива туманида яшовчи, 1964 йилда туғилган, Р.М. Янгиариқ туманида 5 грамм миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 7 000 000 сўмга сотаётган пайтида тезкор ходимлар томонидан жиноят устида ушланди. Унинг ёнида яна 7 грамм “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди.

Халқимизда “Дўстингни кимлигини айтсанг, сени кимлигингни айтаман” деган доно ибора бор. Гиёҳвандлик воситасининг олди-сотдисини амалга ошириш вақтида Р.М. га ҳамрохлик қилиб келган икки нафар шеригининг ўзини беъжо тутишлари ички ишлар органлари ходимларида шубҳа уйғотди. Шундан кейин уларнинг ёни ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилганида тезкор ходимларнинг шубҳаси ўз тасдиғини топди.

Хусусан, Хива туманида яшовчи, 1976 йилда туғилган, А.Х.нинг ёнидан 7 бўлак, жами вазни 3 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситаси топилган бўлса, яна бир шериги, Хива туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган, У.А.нинг ёнидан 2 бўлак, умумий вазни, 0,89 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида олинди.

Якунда гумондорлардан ашёвий далил тариқасида олинган “героин” гиёҳвандлик воситаларининг умумий вазни эса 15,89 граммни ташкил этди.

Мазкур холат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech