Гиёҳфурушларнинг қилмишига чек қўйилди
Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга чек қўйиш мақсадида мунтазам равишда кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказиб келинади.
Албатта бу тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир қанча жиноятлар фош этилиб, жиноятчилардан ҳар хил турдаги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ашёвий далил тариқасида олинмоқда.
Хусусан, 2022 йил 9 декабрь куни Хоразм вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, шифохонада ҳамшира бўлиб ишловчи, 1982 йилда туғилган, қўшкўпирлик Д.Н. (аёл) танишига жами вазни 0,0037 грамм “Морфин” гиёҳвандлик дори воситасини 400 000 сўмга сотиб ўтказган вақтида ушланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 6 декабрь куни вилоят ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Урганч шаҳрининг “Бобур” маҳалласида истиқомат қилувчи, 1992 йилда туғилган, У.Д. тўхтатилиб, ёнлари холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг ёнида 7 та конвалютадаги 136 дона, жами вазни 40,8 грамм кўп миқдордаги кучли таъсир қилувчи “Перегабалик” моддаси борлиги аниқланган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 23 ноябрь куни, вилоят ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Урганч шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган, Ш.Қ. (аёл) ўзи истиқомат қилиб келаётган маҳалла ҳудудида 1 қути жами 10 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси ҳамда 2 та оқ қоғозга ўралган «марихуана» гиёҳвандлик воситасини 1 300 000 сўмга сотган пайтида жиноят устида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шундан сўнг, гумондорнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида ётоқхонасидаги жавондан 2 қути жами 20 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси, 21 дона фалга қоғозига ўралган «трамадол» гиёҳвандлик воситаси ҳамда 2 бўлак ялтироқ қоғозга ўралган «марихуана» гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур холатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати