Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир неча жиноят фош этилди
Бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан бир қаторда, инсон онги ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар ҳам кенг тарқалаётгани дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда.
Шу боис мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш билан биргаликда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муамалага киритилишига қарши курашиш ҳам кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда.
2022 йилнинг дастлабки кунларидан бошлаб Хоразм вилояти ИИБ томонидан вилоят ҳудудида наркотик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, 2022 йил 4 январь куни вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1992 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Р.Қ. Урганч шаҳрида жойлашган ўзига тегишли дўконда “ҳаридор”га 1 дона “Кент” ёзувли сигаретага суртилган “Спайс” гиёҳвандлик воситасини 100.000 сўмга сотаётган вақтида жиноят устида ушланди.
Шунингдек, 7 январь куни Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Хонқа туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган Т.А. Урганч туманида яшовчи ўзига тенгдош бўлган таниши М.А. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, қоғоз парчасига қадоқланган 2 бўлак “героин” гиёҳвандлик воситасини Урганч шаҳрида 1 050 000 сўмга қонунга хилоф равишда сотаётган пайтида қўлга олиндилар.
Бундан ташқари, 2022 йил 8 январь куни вилоят ИИБ ЖҚБ ҳамда Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, Урганч туманида жойлашган чойхонада танишига бир бўлак “героин” гиёҳвандлик воситасини 300 000 сўмга сотишга уринган Урганч туманида яшовчи, 1979 йилда Б.Қ. ҳам жиноят устида қўлга олинди. Шундан кейин унга тегишли бўлган автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина йўловчиси, Урганч шаҳрида яшовчи, 1970 йилда туғилган, У.Қ. нинг чўнтагида 2 та қоғоз бўлагига қадоқланган “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Олиб борилган дастлабки суриштирувга кўра, Урганч туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган М.Х.нинг ёни ва унга тегишли автомашина кўздан кечирилганида, унинг чўнтагида 6 дона “Трамадол Ланнахер 50 мг” ёзувли гиёҳвандлик дори воситаси ва автомашинаси салонида қоғоз парчасига қадоқланган “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.
Юқоридагилардан ташқари, жорий йилнинг 10 январь куни вилоят ИИБ ЖҚБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Хива шаҳрида яшовчи, 1977 йилда туғилган Ҳ.Б. бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина Қўшкўпир тумани ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида тўхтатиб текшириб кўрилганида, автомашина салонида ҳайдовчига тегишли бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати