Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноий холатлар фош этилди
Дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири бу гиёҳвандлик воситаларидир десак муболаға бўлмайди.
Шу боис мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда.
Хусусан, 2022 йил 1 май куни “Қорадори-2022” тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи бошланган бўлиб, Хоразм вилояти ИИБ томонидан мазкур профилактик тадбир доирасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2022 йил 13-16 май кунлари вилоят ИИБ ва Боғот тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 1,59 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини 3 000 000 сўмга сотишга уринган, Урганч шаҳрида яшовчи, 1970 йилда туғилган, Б.П. ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Олиб борилган дастлабки суриштирув жараёнида у ушбу гиёҳвандлик воситасини Урганч шаҳрида яшовчи, 1968 йилда туғилган, С.П дан сотиб олганлиги маълум бўлди. Шундан кейин назорат тартибида ўтказилган тадбирда С.П. ўзининг “мижоз”ига яна 5 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини 2 000 000 сўмга сотиб ўтказган вақтида ушланди.
Шунингдек, 17 май куни вилоят ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир натижасида Қўшкўпир туманида яшовчи, илгари гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланганлиги учун жавобгарликка тортилган, 1991 йилда туғилган, С.А. Урганч шаҳри ҳудудида гумонланиб, ёнлари ҳолислар иштирокида тинтув қилинганида, унинг ёнидан 9,38 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси топилган.
Бундан ташқари, 17 май куни вилоят ИИБ ходимлари томонидан Урганч шаҳрида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда, Қўшкўпир туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган А.О. га тегишли “Жентра” русумли автомашина кўздан кечирилганида, автомашинадан ва ёнидан 5 грамм миқдордаги “героин” ва шунча миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситаларини сақлаб қўйганлиги аниқланди.
Юқоридагилардан ташқари, 17 май кунлари вилоят ИИБ ходимлари томонидан Урганч шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган, А.Р. бошқарувидаги автомашина холислар иштирокида тўхтатиб текширилганида, у автомашина салонида 5 грамм “опий” ва 2 грамм “героин” гиёҳвандлик воситаларини сақлаб қўйганлиги маълум бўлди. Ушбу гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Урганч шаҳрида яшовчи, 1969 йилда туғилган М.М. 0,08 грамм “героин” гиёҳвандлик воситасини 1 050 000 сўмга сотган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Юқоридаги холатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати