27 Январ 2022 йил 566

Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар фош этилди

Бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан бир қаторда, инсон онги ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар ҳам кенг тарқалаётгани дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда.

Шу боис мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш билан биргаликда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муамалага киритилишига қарши курашиш ҳам кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ томонидан вилоят ҳудудида наркотик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, 2022 йил 12 январь куни Хоразм вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Урганч тумани “Шоликорлар” маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган Қ.Б. маҳалладоши, 1982 йилда туғилган Б.Ҳ билан жиноий тил бириктириб, “Янгиобод” маҳалласи ҳудудида 1,65 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 600 минг сўмга сотган пайтида ушланган.

Шунингдек, Шовот туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Шовот тумани “Қумёп” маҳалласида яшовчи, 1980 йилда туғилган К.С. 16 январь куни  “Арбоблар” маҳалласи ҳудудида 1 бўлак целофан пакетга ўралган жами вазни 0,36 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 500 минг сўмга қонунга хилоф равишда сотган пайтида ушланган.

Бундан ташқари, вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан 2022 йил 21 январь куни Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Ю.Бобожанов кўчасида яшовчи, 1989 йилда туғилган А.Ф.  уйи олдида 0.53 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 600 минг сўмга сотган вақтида ушланди. Унинг ёнлари кўздан кечирилганида эса чўнтагида 0.52 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотиш мақсадида сақлаб қўйганлиги аниқланган.

Юқоридагилар ташқари, вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан 2022 йил 18 январь куни Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, “Термиз” кўчасида яшовчи, 1996 йилда туғилган П.Т.нинг ёнлари холислар иштирокида кўздан кечирилганида, телефон аппарати ғилофида 0.21 гр “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги аниқланган. 

Келтириб ўтилган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech