Гиёҳвандлик воситалари савдосига чек қўйилди
Бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири бу гиёҳвандлик воситаларидир десак муболаға бўлмайди.
Шу боис мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ томонидан вилоят ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, Урганч тумани Чоткўпир қишлоғида яшовчи, 1978 йилда туғилган О.С. таниши Қўшкўпир туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган таниши Ҳ.Ҳ. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, 2022 йил 24 апрель куни жами вазни 0,07 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситасини 200 000 сўмга сотган вақтида ушланган.
Шунингдек, Урганч шаҳар 6-даҳада яшовчи, 1971 йилда туғилган С.А. 2022 йил 22 апрель куни Урганч шаҳар “Жингавуз” маҳалласи ҳудудида жами вазни 0,07 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситасини 600 000 сўмга сотган вақтида ушланган.
Келтириб ўтилган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати