Ғолиблар кўрик-танловнинг республика босқичига тавсия этилди
Бугунги кунда ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жойлардаги кутубхоналарни маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларга жавоб берадиган миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналари билан бойитиш, шунингдек, ходимларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури, дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданияти ошириш ҳамда улар ўртасида фаол китобхонлар сафини кенгайтириш ва нотиқлик хусусиятларини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органлари ўртасида “Намунали маънавият ва маърифат хонаси”, “Энг яхши кутубхона”, “Энг яхши китобхон” кўрик-танловларини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди.
Хоразм вилояти ИИБ таркибидаги барча ҳудудий ва соҳавий ички ишлар органлари мазкур кўрик-танловда фаол иштирок этдилар.
Кўрик-танлов натижаларига кўра Хоразм вилояти ИИБ да ташкил этилган кутубхона “Энг яхши кутубхона” номинациясида, Хива шаҳар ИИБ да ташкил этилган “Маънавият ва маърифат хонаси” эса “Намунали маънавият ва маърифат хонаси” номинациясида ғолиб деб топилди ва кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашишга тавсия этилди.
ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бўлим бошлиғи майор А.Болтаев Хоразм вилоятида хизмат сафарида бўлиб, кўрик-танлов ғолиби деб топилган Хоразм вилояти ИИБ кутубхонаси ва Хива шаҳар ИИБ “Маънавият ва маърифат хонаси” билан яқиндан танишиб, яратилган шарт-шароит ва қулайликларни ўрганиб, асосли равишда ғолиб деб топилганлигини яна бир бор тасдиқлади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати