8 Октябр 2022 йил 585

Гугурт қутисига жойлаштирилган гиёҳвандлик воситаси “мижоз”га етиб бормади

Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга чек қўйиш мақсадида жорий йил мабойнида икки босқичда “Қорадори-2022” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири ўтказилганлиги ва ушбу тадбир давомида Хоразм вилоятида ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир қанча жиноятлар фош этилганлиги, жиноятчилардан ҳар хил турдаги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ашёвий далил тариқасида олинганлиги тўғрисида хабар берган эдик.

Хусусан, сентябрь ойининг якунида “Қорадори-2022” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи якунланганлиги, аммо гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш бир зум ҳам тўхтамаслиги тўғрисида айтилган эди.

Бунга Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 6 октябрь куни фош этилган гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ навбатдаги жиноят мисол бўла олади.

Хусусан, жорий йилнинг 6 октябрь куни вилоят ИИБ Жиноят қидирув ходимлари мавжуд тезкор маълумотларга кўра Урганч тумани “Шодлик” маҳалласида яшовчи, 1972 йилда туғилган, Х.Х. нинг уйи ва ёрдамчи хўжаликларини холислар иштирокида кўздан кечиришди.

Тезкор ходимлар ёрдамчи хўжалик хоналарини, айниқса товуқхонани кўздан кечираётганида уй эгаси ўзини бежо тута бошлади. Бу бежиз эмас эди, чунки, хонадон эгаси товуқхонани бирон нарсани беркитиш учун энг ишончли жой деб ўйлаганида хатога йўл қўйганини англаб етганди.

Тезкор ходимлар товуқхонада кўмиб қўйилган уч литр ҳажмдаги учта шиша банкаларни кавлаб олишганида, гиёҳфуруш ўзининг барча режалари чиппакка чиққанлигини тушунди.

Шиша банкалар ичига солинган 199 та гугурт қутисидаги “марихуна” гиёҳвандлик воситаси холислар иштирокида ўлчаб кўрилганида 484 грамм эканлиги маълум бўлди.

Мазкур холат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумондор эса эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech