23 Август 2023 йил 6345

Ҳар жабҳада фаол: Хоразм вилояти ИИБ ходими сержант Мақсад Камолов

Лавҳамиз қахрамони сержант Мақсад Камолов спортда ҳамда хизматда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган ёш ходимлардан бири. У айни кунда вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальонида хизмат қилмоқда.

Урганч олимпия захиралари спорт коллежини тамомлаган Мақсад Камолов ҳарбий хизмат сафида ўз йигитлик бурчини ўтади. У ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилган кўплаб спорт мусобақаларида ҳам иштирок этди. Ҳарбий хизматдан қайтгач, Урганч давлат университетининг жисмоний маданият факультетида таҳсил олди. Шундан сўнг у ҳаётини юрт осойишталигини таъминлашдек шарафли касб билан боғлашга аҳд қилди.

Бошқарма раҳбарияти спортда ўзига хос ютуқларга эришаётган бу йигитни вилоят ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядига хизматга қилиб килишди. Жанговар топшириқларни бажаришда жисмоний ҳамда касбий маҳорат муҳим аҳамиятга эга эканлигини яхши англаган кичик сержант Мақсад Камолов спорт машғулотларини давом эттирди. Устози, тажрибали мураббий майор Элбек Боғибековдан кураш сирларини янада пухтароқ ўрганишга ҳаракат қилди. Орадан кўп ўтмай у ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилган спорт мусобақаларида ғалабали одимларини давом эттирди.

Истиқлол берган имкониятдан самарали фойдаланган лавҳамиз қахрамони тўрт йил вилоят ИИБ ТВБСОда хизмат қилиб, вилоят ҳудудида содир этилган кўплаб жиноятларни фош этишда фаол иштирок этди. Шунингдек, Навоий шаҳрида самбо бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақасида ўз вазн тоифаси бўйича фахрли биринчи ўринни эгаллади ва самбо бўйича спорт устаси талабини бажарди.

Бошқарма раҳбарияти хизматда ҳамда спортда ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган сержант Мақсад Камоловни вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальонига ўтказишди. У янги жамоада ҳам ўз билим ва маҳоратини намоён эта бошлади. Орадан кўп ўтмай Урганч шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида ўтказилган спортнинг дзю-до тури бўйича “Динамо” ЖТСЖ биринчилигида иккинчи ўрин соҳиби бўлди.

Лавҳамиз қахрамони яқинда яна бир нуфузли беллашувда иштирок этди. У жорий йилнинг 18-19 август кунлари Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан Хива шаҳрида спортнинг миллий кураш тури бўйича “Мудофаа вазири кубоги” мусобақасининг республика босқичида 100 килограммдан юқори бўлган вазн тоифасида фахрли учинчи ўринни эгаллади.

Ҳаётини юртимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли касбга бахшида этаётган Истиқлол тенгдоши, сержант Мақсад Камоловни зафарли одимлари билан самимий қутлаб, келгуси ишларига муваффақият тилаб қоламиз.

Худойберган ЖАББОРОВ,

 

Text to speech