Ҳарбий қисмда "Китоблар ярмаркаси"
ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли 7260-сонли ҳарбий қисмда “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш-олий бурчимиз!” шиори остида ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Китоблар ярмаркаси” ташкил этилди. Мазкур тадбирда ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган турли адабиётлардан харид қилишди.
-Инсон маънавиятини юксалтиришда китобнинг ўрни муҳим аҳамиятга эгадир,-дейди ҳарбий қисм Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлинмаси бошлиғи, майор Ғиёсиддин Тангиров.-Шу боис, китобни хазиналар калити, дурдоналар сандиғи, тафаккур чироғи, дея таърифлашади. Уни севиб мутолаа қилишади. Мазкур тадбир ҳам ана шундай эзгу мақсадларда ташкил этилди.
“Ватанпарварлик ойлиги” доирасидаги бу каби тадбирлар давом этмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.