5 Январ 2023 йил 679

Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бўлиб ўтадиган синов имтиҳонидан ўтказиб беришни ваъда қилган шахсларнинг қилмиши фош этилди

Маълумки бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида ҳайдовчиларнинг назарий ва амалий билим ҳамда кўникмаларини ошириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда ҳайдовчилар тайёрлаш ўқув курслари ва улардан якуний синов имтиҳонларини қабул қилиш жараёнлари очиқ, шаффоф шу билан биргаликда қатъий назорат остида ўтказилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борадаги жараёнларда қонунбузилиш холатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан профилактик ва назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, 2022 йил 21 декабрь куни ўтказилган тезкор тадбир натижасида Урганч тумани “Қипчоқ” маҳалласида яшовчи, 1980 йилда туғилган Т.Ш.  фуқаро Ш.Ш.ни ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўтказиладиган имтиҳондан танишлари орқали ўтказиб беришига ишонтириб, бунинг эвазига 700 АҚШ доллари талаб қилиб, 600 АҚШ доллари ва 1100 000 сўм пулларини олаётган пайтида ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланди.

Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси Хоразм вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан 2022 йилнинг 17 декабрь куни ўтказилган тезкор тадбир натижасида эса, икки нафар фуқарони ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳондан ўтказишига ва бунинг учун ҳар бири 300 АҚШ доллари бериши лозимлигига ишонтириб, улардан жами 500 АҚШ доллари ва 1 100 000 сўм пулларни олган Қўшкўпир тумани “Қадрият” маҳалласида истиқомат қилувчи, 1992 йилда туғилган, Д.Э. ҳам жиноят устида ушланди.

Хозирги кунда мазкур холатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech