20 Сентябр 2021 йил 913

Ҳимоя ордери - аёлларнинг ҳуқуқий кафолати

   Хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш ҳамда зарур шароитларни яратиб бериш, улар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз аксини топмоқда.

   Хоразм вилояти ИИБ ҲПБ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, майор Дилноза БОҒИБЕКОВА билан бўлган мулоқотда анашу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

 

  -Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида янги тизим яратилди. Бунда хотин-қизларнинг жамиятимиздаги фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, улар томонидан жиноят ҳамда  ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш каби масалалар асосий вазифа этиб белгиланди. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастурга мувофиқ ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, судланган, яшаш манзилидан узоқ муддатга чет давлатларга кетган хотин-қизлар билан кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга ошириляпти.

   Хотин-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш, оила даромадини ошириш орқали камбағалликни қисқартириш масаласи шу куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Ички ишлар органлари тизимига ижтимоий профилактика тушунчасининг кириб келиши ҳам анашу мақсадлар йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ходимларимиз ҳар бир маҳалладаги оилани ўрганиш жараёнида аёлларнинг ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллик даражасини аниқлаш баробарида, уларнинг турмуш тарзи, ижтимоий аҳволи ҳамда муаммоларига ҳам алоҳида эътибор беришмоқда. Айниқса, коронавирус пандемияси шароитида бу жиҳатлар алоҳида муҳим аҳамият касб этаяпти. Ички ишлар органлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида доимий иш ўрнига эга бўлмаган аёллар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш ишлари самарали давом этаяпти.

   Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда унинг худудий бўлимлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда, таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда хотин-қизлар ўртасида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича мунтазам тарғибот тадбирлари ўтказиляпти. Бунда хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинмоқда.

   Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят худудида хотин-қизлар томонидан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича қатор профилактик тадбирлар амалга оширилди. Шунга қарамасдан носоғлом муҳитда яшаётган 58 нафар хотин-қизлар томонидан 68 та жиноят содир қилинди. Бу рақамлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 фоизга  камайишга эришилган бўлса-да, ҳамон бу борада олиб борилаётган профилактик тадбирлар талаб даражасида эмаслиги, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликдаги ишларда муайян камчиликлар мавжудлиги кўзга ташланмоқда. Буни қуйидаги рақамлар таҳлилида янада яққолроқ кўришимиз мумкин.

   Урганч шаҳри, Хива, Ҳазорасп, Янгибозор туманларида хотин-қизлар томонидан содир қилинган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бир мунча ошган. Шунингдек, аёллар томонидан 6 та енгил тан жароҳати етказиш, 14 та фирибгарлик, 8 та ўғирлик, 4 та қўшмачилик, 3 та одам савдоси, 3 та гиёҳвандлик, 2 та безорилик, 3 та мулкни ўзлаштириш, 6 та қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ва кириш, 4 та хужжатларни қалбакилаштириш, 14 та бошқа турдаги жиноятлар содир этилган.

   Хива туманида яшовчи Ў. Дилрабо жорий йилнинг 10 апрель куни соат 11.00 ларда тумандаги “Пирнахос” маҳалласида яшовчи М. Рахимованинг уйида йўқлигидан фойдаланиб, хонадон соҳибасининг ётоқхонасидаги сандиқ ичидан 5.000.000 сўм пулни ўғирлаб кетган.

   Шунингдек, Қўшкўпир тумани бўйича ИИО ФМБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тадбирда Р. Замира жорий йилнинг 19 март куни ўз уйида И.Т ва А.Ф.ларга жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб бериш эвазига А.Фдан 100.000 сўм пулни олганлиги аниқланган.

   Бу каби нохуш ҳолатларни яна давом эттиришимиз мумкин.

   Ўтган давр мобайнида аҳлоқ-одобга қарши ҳуқуқбузарликлар содир этган хотин-қизларнинг оилавий аҳволи, муаммолари ва содир этган ҳуқуқбузарликларининг сабаблари ўрганиб чиқилди. Натижада уларнинг аксарияти носоғлом муҳитда яшаётгани, ота-оналарнинг қарови ва назоратидан четда қолиб кетганлиги аён бўлди. Шундан сўнг нафақат уларнинг ўзлари, балки оиласи билан ҳам профилактик чора-тадбирлар олиб бориш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва бу борадаги ишлар тизимли давом этаяпти.

   Ходимларимиз оила-турмуш муносабатлари доирасидаги низоларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида хонадонларга чиқиб, хотин-қизларнинг турмуш тарзи, оилавий аҳволи ҳамда муаммоларини ўрганиб боришмоқда. Уларга зарур ёрдамлар, тавсиялар ҳамда маслаҳатлар беришяпти.

   Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 840 нафар аёллар профилактик ҳисобга олинган. Қолаверса, профилактик ҳисобда турган жами 167 нафар хотин-қизлар мавсумий ва доимий иш билан таъминланган. Шунингдек, 138 нафар аёлларга моддий  ва ижтимоий, 98 нафарига тиббий, 18 нафарига эса шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қайта тиклашда амалий ёрадам кўрсатилган. Маҳалла фаоллари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида ажрим ёқасига келиб қолган 700 та оилани яраштиришга эришилган. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф қилиш бўйича тегишли ташкилотлар вакиллари билан тизимли ишлар амалга оширилди. Айниқса, ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож аёллар рўйхатига киритилган 1626 нафар хотин-қизлардан 656 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, улар “Аёллар дафтари”дан чиқарилди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган 1600 нафар хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” берилган бўлиб, шундан 517 нафари жисмоний, 2 нафари жинсий, 2 нафари иқтисодий, 540 нафари руҳий зўравонлик, 539 нафари эса таъзиққа учраган хотин-қизлардир. Руҳий зўравонлик ҳамда таъзиққа учраган аёлларнинг энг кўпи яъни 1241 таси оилада содир бўлган. “Ҳимоя ордери” берилиши натижасида 804 та оила яраштирилди ва 565 та оилавий низолар бартараф қилинди.

   Янгиариқ туманидаги “Қармиш” маҳалласида яшовчи
Я.Э жорий йилнинг 12 апрель кунидан буён турмуш ўртоғи М.М билан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашиб келишган. Маҳалла фаоллари, қўни-қўшниларнинг маслаҳатлари, насиҳатлари ижобий самара бермагач, худуд профилактика инспектори томонидан М.Мга “Ҳимоя ордери” топширилган ҳамда унга ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган. Натижада эр-хотин ўртасидаги муносабат ижобий томонга ўзгариб, ушбу оилада соғлом муҳит яратилди.

   Шунингдек, Урганч шаҳридаги А.Ибрагимов кўчасида яшовчи якка тадбиркор К.А. жорий йилнинг 21 июнь куни соат 14:30ларда “Урганч савдо уйи” биносининг 1-қаватида Урганч туманида яшовчи якка тадбиркор Ю.И билан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказган. Ушбу ҳолат белгиланган қонун доирасида ўрганиб чиқилиб, Ю.И. “Ҳимоя  ордери” билан таъминланган. Натижада улар ўртасидаги келишмовчилик ҳам барҳам топган.

   Ўтган давр мобайнида тегишли ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда вилоят худудида истиқомат қилаётган кам таъминланган, якка ёлғиз, боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронлиги бўлган оилаларнинг турмуш шароитини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Уларга маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

   Ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланаётган ҳамда доимий даромад манъбаига эга бўлган шахсларда жиноят ва ҳуқуқбузаликлар содир этишга вақт ҳам, зарурат ҳам бўлмайди. Шу боис, фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган бу каби кенг кўламдаги ижтимоий профилактик тадбирлар давом этмоқда.

   Жойларда амалга оширилаётган бундай профилактик тадбирлардан асосий мақсад мамлакатимизда хотин-қизлар томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг, оилалардаги ажримларнинг, низоли ҳолатларнинг олдини олишдан иборатдир.

 

                                Суҳбатни Худойберган ЖАББОРОВ ёзиб олди.

Text to speech