Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Айни кунларда мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари билан олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар янги босқичга чиққан десак муболаға бўлмайди.
Хоразм вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати томонидан Хива шаҳрида уюштирилган навбатдаги тадбир ҳам айнан юқорида келтириб ўтилган чора-тадбирлар режасига асосан ўтказилди. Мазкур тадбирга Хива шаҳри, шунингдек, Хива, Янгиариқ ва Қўшкўпир туманлари Ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби ҳамда уларнинг оила аъзолари таклиф этилди.
Иштирокчилар дастлаб бадиий хунармандчилик асарлари галереясини томоша қилиб, улардан бадиий эстетик завқ олишди.
Шундан кейин тадбирнинг асосий қисмига ўтилди, яъни ички ишлар органлари ходимлари ўқиши тавсия этилган 39 номдаги бадиий китоблар тақдимоти ва уларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида сўз юритилди. Бу жараённи Республика маънавият ва маърифат маркази Хива шаҳар бўлинмаси раҳбари Ленинза Асқарова моҳирона бошқариб борди. Буни тақдимот якунида ўтказилган викторинада барча иштирокчиларнинг фаол иштирок этганлигидан англаш мумкин. Викторина саволларига тўғри ва тўлиқ жавоб берган иштирокчиларга бадиий китоблар совға қилинганлиги ҳам маънавият кечасига узвий боғлиқ бўлди.
Шундан кейин Хоразм вилояти мусиқали драма театри актёр ва акстрисалари томонидан саҳналаштирилган ҳолда ижро этилган Тўмарис, Жалоладдин Мангуберди ва Шайх Нажмиддин Кубро монологлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди ва уларнинг олқишига сазовор бўлди.
Тадбирда иштирок этган ИИВ масъул ходими ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишда қўшган ҳиссаси учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, “Фахрий ёрлиқ” ва бадиий китоблар тўпламини топширди.
Албатта бундай тадбирлардан кўзланган мақсад ходимларни она-Ватанга муҳаббат ва хизмат бурчига садоқат руҳида тарбиялаш, уларни юксак инсоний ва маънавий-ахлоқий сифатларга эса бўлган халқпарвар ходим даражасига етказиш, ходимларни ягона ғоя асосида жипслаштирган ҳолда онгига халқ манфаатларига виждонан ҳамда сидқидилдан хизмат қилиш – олий ва шарафли бурч эканлигини сингдиришдан иборатдир.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати