23 Феврал 2021 йил 689

Хоразм вилояти ички ишлар органларида коррупцияни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилий ўрганилмоқда

Жорий йилнинг 12 февраль куни Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига криминоген вазияти мураккаб бўлган ҳар бир вилоятнинг ҳуқуқ-тартибот идораларида коррупциявий омилларни бевосита аҳоли билан мулоқот ташкил этган ҳолда, жамоатчилик фикри таҳлили асосида чуқур ўрганиш вазифаси юклатилди.

Топшириқ ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш мақсадида 23 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов Хоразм вилоятидаги жиноятчилик кўп энг содир этилаётган қатор туманларда ички ишлар органлари фаолияти, профилактика инспекторлари ҳамда аҳоли билан учрашди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутахассислари томонидан Хоразм вилояти ички ишлар органларида коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати ўрганилмоқда.

Агентлик директори ички ишлар органларининг мурожаатлар билан бевосита шуғулланувчи соҳавий йўналишлари кундалик хизмат фаолияти билан яқиндан танишиш учун Урганч шаҳридаги “Навбаҳор”  ва Урганч туманидаги “Оёқбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинларига ташриф буюрди.

Маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнида А.Бурханов фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва қонуний ҳал этиш жараёни юзасидан батафсил маълумот олди. Шу билан биргаликда ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан профилактика инспекторининг таклифларини ҳам ўрганиб чиқиш учун қабул қилди.

Агентлик директори Урганч шаҳри ва Шовот тумани ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида бўлиб, фуқаролик паспортларини расмийлаштириш ва тарқатиш, яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш жараёнларида коррупциявий ҳолатларни юзага келишини олдини олиш мақсадида инсон омилидан бутунлай воз кечиш ва IT технологиялар имкониятидан кўпроқ фойдаланиш юзасидан тавсия берди.

Ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасига узоқ йиллар давомида коррупциявий ҳолатлар мавжуд тизим сифатида қараб келинган. Шу боис Агентлик директорининг навбатдаги ташриф манзили вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Шовот туманидаги 2-сон туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими бўлди. Мазкур соҳа фаолияти сўнгги йилларда анча шаффоф ҳолда олиб борилаётганлиги, хусусан давлат рақам белгиларини электрон кимошди аукцион савдолари орқали сотилиши йўлга қўйилганлиги, ЙПХ инспекторларининг бодикамера ва планшетлар билан тўлиқ таъминланганлиги, имтиҳон қабул қилиш хоналарига кузатув камералари ўрнатилганлиги ижобий ўзгаришлар сифатида айтиб ўтилган бўлсада, келгусида Урганч шаҳри ва туманлар марказидаги чорраҳаларга йўл ҳаракати қоидаларини қайд этувчи камераларни ўрнатиш орқали ЙПХ инспекторларининг ҳайдовчилар билан мулоқотда бўлишларини имкон қадар қисқартириш тавсия қилинди.

Бундан ташқари Агентлик мутахассислари томонидан вилоят ички ишлар органларида коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолатини ўрганиш мақсадида сўровнома   ўтказилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech