14 Январ 2021 йил 514

Хоразм вилояти ИИБ да байрам муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

“Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша” шиори остида ўтган мазкур байрам тадбирига Хоразм вилояти ички ишлар органларининг бир гуруҳ ходимлари, соҳа фахрийлари, хизмат вазифасини бажариш пайтида вафот этган ходимларнинг оила аъзолари, шунингдек фидойи ходимларнинг ота-оналари таклиф этилди.

Байрам тадбирида Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов сўзга чиқиб, Ватан ҳимоясини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришларини таъминлаш борасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган тарихий ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирининг байрам муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Байрам муносабати билан Президентимиз Фармонига асосан мукофотланганлар сафида Хоразм вилояти ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди командири подполковник Юсуфбой Сафаевнинг “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланганлиги ҳам алоҳида эътироф этилди.

Шундан кейин сана муносабати билан ИИВ ва вилоят ИИБ томонидан тақдирланган бир гуруҳ фидойи ходимларга кўкрак нишони, эсдалик қўл соати, “Фахрий ёрлиқ” ва навбатдаги махсус унвонлар тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ИИВ томонидан  тақдирланган Хоразм вилоят телерадиокомпанияси катта муҳаррири Маърифат Қаландарова ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали кафедра мудири Ирода Ҳажиеваларга “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди.

Фарзандининг намунали ҳулқи ва тарбияси учун байрам куни бошқарма бошлиғидан “Ташаккурнома” олган ота-оналарнинг қувончи чексиз бўлди.

Тадбир якунида, соҳа фахрийлари ва хизмат вазифасини бажариш пайтида вафот этган ходимларнинг оила аъзоларига байрам совғалари берилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech