2 Сентябр 2021 йил 555

Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Ўзининг 2500 йиллик тарихига эга Хива шаҳри очиқ осмон остидаги музей номини олиб, ЮНЕСКО томонидан маданий мерос сифатида рўйхатга олинган.

Шу боис Хивадаги тарихий обидаларни томоша қилишга ҳар йили кўплаб хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрадилар.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сайёҳлар оқимининг ортганлиги ҳеч кимга сир эмас, бунинг замирида эса албатта мамлакатимизда сайёҳлар учун яратилаётган қулай инфратузилма ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар турибди.

Чунки сафарга чиқаётган ҳар қандай сайёҳ аввало ўзининг хавфсизлиги қай даражада таъминланишини ўрганади.

Шу боис давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари билан мамлакатимизда туристик объектлар жойлашган ҳудудлардаги ички ишлар органларида хавфсиз туризмни таъминлаш  хизмати жорий этилди.

Хоразм вилоятида ИИБ таркибида ташкил этилган Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси шу кунга қадар ўзининг маъмурий биносига эга эмас эди.

Бундан 2 йил олдин Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлигининг ташаббуси ва маблағи ҳисобига Хива шаҳрида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси маъмурий биносининг қурилишига киришилди.

Европа ва миллий қурилиш стандартларини ўзида уйғунлаштирган ушбу объектнинг қурилишини тасдиқланган лойиҳа асосида олиб борилиши Ички ишлар вазирлиги ва вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан доимий равишда ўрганиб борилди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда мазкур бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Хоразм вилояти Ҳокими Ф.Ў.Эрманов, вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси шахсий таркиби, соҳа фахрийлари ва Хива шаҳар Ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан Хоразм вилояти Ҳокими мазкур бинони лойиҳалаштириш, молиялаштириш ва қурилиш ишларида бевосита бош-қош бўлган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р.Бобожонов ва вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

Шунингдек тадбирда сўз олган соҳа фахрийлари бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик осойишталикни таъминлаш борасида ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг моддий-техник базасини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни юксак баҳолаб, ходимларнинг келгусида ишларида омад тиладилар.

Шундан кейин рамзий лента кесилиб, бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки мазкур бинони жиҳозлашда энг сўнгги инновацион технологиялардан фойдаланишга эътибор қаратилди.

Бинодаги вазиятлар марказига ўрнатилган кузатув камералари орқали нафақат Хива шаҳри ёки “Ичан қалъа” мажмуасидаги вазиятни кузатиш имконияти мавжуд шу билан биргаликдаги вилоятнинг бошқа ҳудудларида жойлашган туризм объектларидаги кузатув камералари ҳам айнан шу ерга интеграция қилинди.

Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида хизмат олиб бораётган ходимларнинг камида 2-3 тадан хорижий тилни билишлари эса сайёҳлар билан эркин мулоқотни таъминлаш билан биргаликда, уларда мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимлари тўғрисида ижобий фикр мустаҳкамлайди.

Бир сўз билан айтганда бугун фойдаланишга топширилган мазкур бино нафақат ўзининг Хива шаҳрига уйғун ташқи кўриниши билан, шунингдек тинчлик ва осойишталик тимсоли сифати мамлакатимиз ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши шубҳасиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech