26 Август 2021 йил 766

Хоразм вилояти ИИБ “Ватанпарварлик бурчаги”да маърифий учрашув уюштирилди

Бугун ички ишлар органлари ходимлари орасида хотин-қизларнинг сафи ортиб бормоқда. Бу мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг фаоллиги ошаётганлигининг бир кўринишидир десак муболаға бўлмайди.

Сўнгги йилларда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг ҳудудий ҳамда соҳавий йўналишларида ҳам хотин-қизлар сафи анча кенгайди.

Шу билан биргаликда тизимда фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш ишлари ҳам тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.

Бу борадаги ишларни амалга оширишда эса бевосита вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси таркибидаги хотин-қизлар масалалари бўйича бош инспекторидан алоҳида масъулият талаб этилади.

Хоразм вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича бош инспектори майор Ю.Ҳамдамова айни кунларда соҳада фаолият юритаётган барча хотин-қизларнинг хизмат шароитини яхшилаш, уларда Ватанпарварлик ғояларини юксалтириш борасида бир қатор манзилли ва мақсадли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, Хоразм вилояти ИИБда янги ташкил этилган “Ватанпарварлик бурчаги”да майор Юлдуз Ҳамдамова ташаббуси билан хотин-қизлар иштирокида  маърифий учрашув уюштирилди.

Ю.Ҳамдамова ўз ҳамкасабаларига “Ватанпарварлик бурчаги”дан ўрин олган ҳар бир экспонат ва маълумот юзасидан батафсил тушунтириш берди.

Бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларнинг “Тўмарис издошлари” бўлиб етишишларида муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.  

 Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech