Хоразм вилоятида 3-сектор раҳбарлари учун ўқув-семинар ташкил этилди
Барчамизга маълумки, ҳудудий ички ишлар бўлими бошлиқлари ўз навбатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор раҳбари ҳам ҳисобланади. Айни кунларда ҳудудларда яшовчи аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш сектор раҳбарлари олдида турган долзарб вазифалардан биридир.
Хоразм вилоятидаги барча шаҳар ва туманлар кесимида 3-сектор раҳбарлари, яъни ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқларининг юқоридаги вазифаларни амалга оширишдаги билим ва кўникмаларини янада такомиллаштириш мақсадида вилоят ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан 17 июнь куни ўқув-семинар ташкил этилди.
Сектор раҳбарлари ва уларнинг котиблари иштирок этган мазкур ўқув-семинарда Хоразм вилояти Ҳокимининг ўринбосарлари ва тааллуқли соҳавий бошқармалар раҳбарлари иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, камбағалликдан чиқариш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид топшириқларидан келиб чиққан ҳолда ҳудудларда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, аҳолини жамоат ишларига жалб этиш ҳамда аҳоли ўртасида ўзини-ўзи банд қилиш тартибини кенг татбиқ этиш, шунингдек ҳудудларда хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилган ҳолда янги иш ўринларини яратиш, шу билан биргаликда янги ташкил этилаётган корхона ва ташкилотлар учун зарур кадрларни тайёрлаш, қайта ўқитиш, аграр ва қурилиш соҳасини юксалтириш борасида зарур услубий қўлланмалар бердилар.
Сектор мутасаддиларининг семинар давомида ўзлаштирган назарий билимларини янада мустаҳкамлаш учун энг намунавий секторда амалий яъни кўргазмали-семинар ўтказилиши белгилаб олинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати