Хоразм вилоятида маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни судда онлайн тартибда кўриб чиқиш бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги ПФ-6196-сон Фармони ички ишлар органлари фаолиятининг янги даврини ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.
Мазкур Фармонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва замонавий иш услубларини жорий этиш орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, ички ишлар органлари фаолиятига рақамли ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида келтириб ўтилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда Хоразм вилоятида маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни судларда онлайн тартибда кўриб чиқиш амалиёти тест режимида амалга оширилмоқда.
Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишга алоқадор томонларнинг профилактика инспекторининг маҳаллада жойлашган хизмат хонасидан туриб онлайн судда иштирок этиши фуқароларнинг ортиқча сарф-ҳаражати ва сарсон бўлишининг олдини олиши билан биргаликда, профилактика инспекторининг кун давомида хизмат ҳудуди ҳисобланган маҳаллада бўлишини таъминлайди.
Хоразм вилоятида маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни онлайн тартибда кўриб чиқиш амалиётини қисқа муддатда барча ҳудудларда тўлиқ йўлга қўйишни таъминлаш мақсадида техник жихозлаш жараёнлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати