Хоразм вилоятида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди
Тарихга назар ташлаш, келажакда юқори марраларни кўзлаш ҳар қандай соҳанинг тараққий этиши учун лозим жиҳатлардан бири ҳисобланади.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Урганч шаҳрида “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари” шиори остида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.
Тадбир аввалида Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов сўзга чиқиб, маънавий-маърифий тадбиридан кўзланган мақсад тарихдан тўғри сабоқ чиқарган ҳолда буюк келажакка илдам қадам ташлаш, шу билан биргаликда, устоз-шогирд анъаналарини янада ривожлантириш эканлигини таъкидлаб, меҳмон сифатида таклиф этилган фахрийлар билан таништириб ўтди.
Хоразм вилояти ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган ходимлар, соҳа фахрийлари ва ИИВ Хоразм академик лицейнинг ўқувчилари иштирок этган мазкур маънавий-маърифий тадбирга узоқ йиллар ички ишлар органларининг раҳбарлик лавозимларида, шу жумладан Ички ишлар вазири лавозимида хизмат қилган истеъфодаги генерал-лейтенант Б.А.Матлюбов таклиф этилганлиги ва унга ИИВ фахрийлар кенгашининг фаол аъзолари ва ИИВ Академияси профессори полковник Ш.Р.Қобиловларнинг ҳамрохлик қилганлиги учрашувга ўзгача файз ва шукуҳ бағишлади десак муболаға бўлмайди.
Дастлаб сўз олган истеъфодаги генерал-лейтенант Б.А.Матлюбов мамлакатимиз ички ишлар органларининг узоқ ва яқин тарихига тўхталиб, айниқса мустақилликнинг илк йилларида уюшган жиноятчилик, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш борасида амалга оширилган чора-тадбирларни баён қилиб, бу жараёнда хизмат қилган ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятидан мисоллар келтириб, уларнинг жасорати ва фидойилиги келгуси авлодлар учун ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Шундан кейин сўзга чиққан ИИВ фахрийлар кенгашининг аъзолари ҳам ўз ҳаёт ва хизмат йўлидаги залворли даврларни ва муваффақиятга эришган онларини иштирокчилар эътиборига етказиб, бугунги ёш авлод ички ишлар органи ходими деган шарафли номга муносиб бўлиши учун ўз устида тинимсиз ишлаши, билимларни пухта эгаллаши ва асосийси халққа ва Ватанга садоқат билан хизмат қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб билиши лозимлигини айтиб ўтдилар.
ИИВ Академияси профессори полковник Ш.Р.Қобилов эса иштирокчиларга Б.А.Матлюбов муаллифлигида чоп этилган “Ўзбекистонда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тарихи” номли китобнинг яратилиш тарихи ҳамда ундан жой олган факт ва фикрлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Шундан кейин ушбу китобнинг бир нечта нусхаси Хоразм вилояти ИИБ нинг бир гуруҳ ходимлари ва фахрийларига муаллиф томонидан совға қилинди.
Ўз навбатида иштирокчи ёшларнинг ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида билдирган фикр-мулоҳазалари тингланди.
Таклиф этилган мехмонларга тадбир якунида анънага кўра Хоразм миллий кийимлари кийдирилиб, бошқарманинг эсдалик совғалари топширилди.
Сермазмун сухбатларга бой бўлган ушбу маънавий-маърифий тадбир иштирокчиларнинг хотирасидан ўчмас жой олиши билан биргаликда, уларнинг келгуси ҳаёт йўлларини ёритувчи зиё бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати