Хоразм вилоятида жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилинди
Содир этилган жиноятни фақатгина процессуал талаблар асосида тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш билан чекланмасдан, мазкур жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўрганиш, кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш келгусида шу турдаги жиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Хоразм вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси раҳбарияти хафта давомида вилоят ҳудудида содир этилган ва аҳоли ўртасида шов-шувга сабаб бўлган жиноятларни 18 июнь - “Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида бевосита шу ҳудудда яшовчи аҳоли ўртасида муҳокама қилдилар.
Жумладан, ўтган хафта давомида Қўшкўпир туманида яшовчи бир гуруҳ аёллар томонидан яна бир аёлни таҳқирланиши билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва кенг жамоатчилик ўртасида кескин бахс-мунозараларга сабаб бўлган эди. Бугунги кунда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Туман аҳолиси ва айбланувчилар иштирокида ўтказилган муҳокама жараёнида ушбу ҳолат миллий менталитетимизга доғ бўлиб тушувчи иллат эканлиги яна бир бор таъкидланди. Жиноят ишининг барча иштирокчилари жумладан, ҳолатни видеотасвирга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаштирган йигит ҳам бугунги кунда ўзларининг қилмишларидан пушаймон эканликларини айтиб ўтишди.
Хива туманида маҳалла фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда эса, ўтган хафтада гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолда содир этилган жиноят муҳокама қилинди. Муҳокама жараёнида сўзга чиққанлар гиёҳвандлик - аср вабоси экани, у билан боғлиқ ҳар қандай жиноятларга нисбатан барча муросасиз кураш олиб бориши лозимлиги тўғрисида фикр билдирдилар.
“Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан юқоридаги каби муҳокама ва учрашувлар карантин қоидариларига қатъий риоя қилган ҳолда вилоятнинг қолган шаҳар ва туманларида ҳам ички ишлар органларининг масъул ходимлари ташаббуси остида бўлиб ўтди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати