5 Январ 2021 йил 580

Хоразм вилоятини йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида тарғибот тадбири ўтказилди

Йўл-транспорт ҳодисалари бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири десак муболаға бўлмайди. Чунки ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари бир неча инсонларнинг ўлимига, кўплаб инсонларнинг ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда. Йўл-транспорт ҳодисалари натижасида кўриладиган моддий зарар эса ҳар қандай оила учун ортиқча ҳаражат ҳисобланади. 

Хоразм вилоятида жорий йилда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни янада кучайтиришга қаратилган мақсадли ва манзилли ишлар амалга оширилмоқда.

2021 йил 5 январь куни Урганч шаҳрида ўтказилган тарғибот тадбирига вилоятдаги йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи барча корхона ва уюшмалар раҳбарлари, ҳамда мунтазам равишда қўпол қоидабузарлик содир этиб келган айрим ҳайдовчилар таклиф этилди.

Тарғибот тадбирида Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов иштирок этиб, 2020 йил давомида вилоятимиз ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ва улар натижасида келиб чиққан салбий оқибатлар тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, вилоят ИИБ бошлиғи Хоразм вилоятини йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳар қандай шахсга нисбатан фуқаролар муросасиз бўлиши лозимлиги тўғрисида айтиб ўтди.

Тадбир якунида йўл-транспорт ҳодисаси туфайли аянчли аҳволга келиб қолган транспорт воситалари ортилган эвакуаторлардан иборат тарғибот  автокарвони вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари бўйлаб олиб ўтилди.

 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech