Хоразм вилоятининг 3-секторларида экин далаларини тақсимлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда
Экин ерларидан унумли фойдаланиш ва аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора чора-тадбирлар доирасида Хоразм вилоятининг 3-секторларида ғалладан бўшаган ерларни иккинчи экин экиш мақсадида тақсимланаётганлиги ва бу жараёнларда вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов шахсан иштирок этиб келаётганлиги тўғрисида хабар берган эдик.
Экин ерларини тақсимлаш билан бошлиқ жараёнлар 21 июнь куни Хонқа туманининг “Мустақиллик” маҳалласида ва Урганч туманининг “Қайчили” маҳалласида бўлиб ўтди.
Унда вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов бевосита иштирок этиб, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад авваламбор фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашдан иборат эканлигини таъкидлаб, ажратилган ерлардан унумли ва самарали фойдаланиш лозимлигини тушунтириб, бу борада 3-сектор раҳбарлари амалий ёрдамга ҳамиша тайёр эканликлари айтиб ўтди.
Экин далалари авваламбор аҳолининг ишсиз қатлами, жумладан “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га кирилган фуқароларга 20-25 сотихдан ажратиб берилмоқда.
Ҳар бирига 20 сотихдан унумдор экин ери ажратилган ушбу фуқаролар эндиликда нафақат ўз оиласини иқтисодий-ижтимоий таъминотини яхшилаш имкониятига эга бўлишди, шу билан биргаликда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларни арзон ва сифатли махсулотлар тўлдиришда ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари шубҳасиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ғалладан бўшаган далалар тўлиқ шудгорланиб, иккинчи экинни экишга тайёр ҳолда топширилаётганлиги, деҳқончилик натижасида олинган фойда ҳар қандай солиқлардан озод қилинаётганлиги деҳқончилик қилиш истагида бўлган фуқаролар учун янада қулайлик яратди.
Ажратилган ерларга нуроний кексаларимизнинг дуоларидан кейин кечиктирмасдан уруғ қадашга кирилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати