Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Равшан Иркинович Султанходжаевнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан байрам табриги
Ҳурматли ҳамкасблар!
Ватанимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 32 йиллик байрами билан Хоразм вилояти ички ишлар органларининг барча ходимлари, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини ва азиз фахрийларимизни чин қалбимдан самимий табриклайман.
Мамлакатимизда бу йилги байрам “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" деган бош ғоя асосида ўтказилмоқда. Ушбу ғоянинг замирида аввало юртимизнинг тинч ва фаровон бўлишини таъминлаш мужассамдир, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шундай экан бизнинг олдимизда Хоразм вилоятини жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан бутунлай ҳоли ҳудудга айлантиришдек шарафли ва эзгу мақсад турибди. Бунинг учун эса бизнинг барча куч ва воситаларимиз етарли деб қатъий ишонч билан айта оламан, чунки вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган ҳар бир ходим Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилишни ўзининг олий бурчи деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари биз келгусида маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда ички ишлар органларининг бой ҳаётий ва иш тажрибасига эга, ижтимоий ҳаётда фаол бўлган фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари билан янада яқин ҳамкорлик ўрнатишни белгилаб олдик.
“Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган шиор ҳар бир ходимнинг кундалик фаолият мезонига айланиши лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни байрам билан яна бир бор табриклаб, элу-юртимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш йўлидаги масъулиятли ҳамда шарафли хизмат фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
полковник Равшан Султанходжаев
Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи