22 Ноябр 2023 йил 3205

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида “Жасорат ва буюклик тимсоли - аёл” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида ИИВ Бирлашган таҳририяти томонидан нашр этилган, соҳада фидойилик намуналарини кўрсатаётган, жамоа ва эл орасида обрў-эътибор қозонган аёл ходималарнинг машаққатли ва шарафли хизмат фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Жасорат ва буюклик тимсоли - аёл” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Хоразм вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходималар ва соҳанинг фахрий аёллари иштирок этдилар.

Тақдимотда таҳририятнинг Хоразм вилоятидаги махсус мухбири Худайберган Жаббаров сўзга чиқиб, ушбу китобнинг яратилиши учун сабаб бўлган омиллар ва китобни нашрга тайёрлашда иштирок қилган бадиий жамоа, шунингдек китобнинг мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил маълумот берди.

Тақдимотда сўз олган аёл ходималар ва фахрийлар ўзларининг  хизмат фаолиятлари шундай юқори даражада қадрланганлигидан беҳад хурсанд бўлганликларини, бундай эътибор соҳада фаолият олиб бораётган ёш ходимларга юксак марраларни забт этишларида шижоат бағишлашини таъкидлаб, бадиий жамоага ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорли хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ва уларнинг фаровонлик даражасини ошириш мақсадида нашр этилган ушбу китоб ходимлар умумфойдаланиши учун вилоят ИИБ ҳамда унинг ҳудудий ва соҳавий органларида ташкил этилган кутубхоналарга ва “Ватанпарварлик бурчаги”га топширилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech