Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Р.И.Султанходжаевнинг Янги - 2024 йил байрами муносабати билан йўллаган байрам табриги
Ҳурматли ҳамкасблар !
Кириб келаётган Янги – 2024 йил билан ички ишлар органларининг барча ходимларини, азиз фахрийларимизни ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамкасбларимизнинг оила аъзоларини самимий табриклайман.
Якунига етаётган 2023 йилда Хоразм вилоятида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирларнинг замирида фидойи ходимларимизнинг машаққатли, шу билан биргаликда шарафли хизматлари турибди.
Ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни 2024 йилда ҳам изчиллик билан давом эттирамиз. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин.
Дарҳақиқат, бугун ички ишлар органлари халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб, жамиятда тинчлик-осойишталикни таъминлаш борасида самарали ишларни амалга ошириб келмоқда.
Ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни ўз хизмат бурчи деб биладиган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган тизимли ишлар бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Келгусида ҳам халқ манфаатларига хизмат қилиш, чинакам халқчил, халқпарвар бўлиш ички ишлар органлари фаолиятининг бош мезони бўлиб қолиши лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилангизга тотувлик, дастурхонингизга қут-барака тилайман.
Юртимизда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, қонунчилик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдек масъулиятли ва шарафли хизматларингизга муваффақиятлар ёр бўлсин. Гўзал ва бетакрор юртимиз тинч-осойишта, олижаноб, бағрикенг халқимиз ҳамиша омон бўлсин!
Янги – 2024 йил барчамизга қутлуғ келсин!
Ҳурмат билан,
Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи,
полковник Равшан Султанходжаев