Хоразм вилояти ИИБ Тиббиёт бўлимида “Йилнинг энг яхши тиббий ҳамшираси” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Хоразм вилояти ИИБ Тиббиёт бўлимида ички ишлар
вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари тиббиёт ходимлари
ўртасида эълон қилинган “Йилнинг энг яхши тиббий ҳамшираси” кўрик-танловининг ҳудудий
босқичи бўлиб ўтди.
Тиббиёт ходимларининг касбий билим ва малакаларини
ошириб боришни қўллаб-қувватлаш ҳамда фаолиятида ютуқларга эришаётган тиббиёт
ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, ўз касбининг моҳир эгалари
ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида жорий этилган ушбу
кўрик-танловнинг ҳудудий босқичида Хоразм вилояти ИИБ Тиббиёт бўлимининг камида
3 йиллик амалий иш стажига эга бўлган, ўрта тиббий маълумотли, ўзининг юқори
билими, касбий малакаси, шахсий хислатлари билан ҳамкасбларидан ажралиб турган,
меҳнат фаолияти давомида бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган ҳамширалари фаол
иштирок этдилар.
Кўрик-танловда иштирокчилар дастлаб миллий урф-одатларимиз
ва ўзбекона ахлоқ қоидаларига мос ҳолда таништирув шартини бажардилар.
Иккинчи шартда иштирокчиларнинг соҳавий ва маънавий-маърифий
билимлари савол-жавоб тарзида баҳоланди.
Иштирокчиларнинг амалий билим даражасини аниқлашга
қаратилган учинчи шартда тиббий ҳамширалар ўз фаолиятларида қўлланиладиган
амалий кўникмаларни синовдан ўтказдилар.
Кўрик-танловнинг тўртинчи шарти ҳисобланган эркин
мавзу шартида иштирокчилар томонидан ўзлари ёқтирган мавзу, йўналиш бўйича ижро
этилган куй, қўшиқ, монолог ва рақслар барчага кўратинки кайфият улашиб,
кўрик-танловнинг юқори савияда ўтишини таъминлади.
Муросасиз, шу билан биргаликда дўстона руҳда ўтган беллашувлар ҳакамлар хайъати томонидан баҳолаб борилди ва якунда фахрли учинчи ўринни ҳамшира Дилфуза Қараева, иккинчи ўринни Саида Юсупова эгаллаган бўлса, тиббиёт бўлими госпитали навбатчи ҳамшираси Ҳайитжон Мадаминова кўрик-танловнинг ҳудудий босқичи ғолибаси деб топилди ва республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати