6 Феврал 2021 йил 577

Хоразмда ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш ойлиги доирасида тарғибот тадбирлари давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан эълон қилинган “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш” ойлиги доирасида Хоразм вилоятида 1 февраль кунидан бошланган профилактик тадбирлар фаол давом этиб, вилоятдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказишда бевосита Хоразм вилояти ИИБ раҳбар ва масъул ходимларининг иштирок этаётганлиги эса профилактик ишларнинг сифат ва самарадорлигини янада ошишини таъминламоқда.

Жумладан, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида таҳсил олаётган талаба ёшлар билан ойлик доирасида ўтказилган учрашувда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник С.Раҳимов иштирок этиб, бугунги кунда мамлакатимизда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хусусан, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил тушунтириб ўтди.

Полковник С.Раҳимов келгусида инсон саломатлиги ва соғлом турмуш тарзининг посбони бўлиши кутилаётган тиббиёт олийгоҳининг талабаларини тенгдошлари орасида гиёҳвандликнинг инсон саломатлигига салбий таъсирини кенг тарғиб қилиш орқали гиёҳвандлик воситаларининг тарқатилишига қарши курашда ўз ҳиссаларини қўшишга чорлади.

Учрашувда иштирок этган талаба ёшларга гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари акс этган буклетлар тарқатилиб, ИИВ Ахборот хизмати томонидан тайёрланган “Ўзини йўқотганлар” ва  “Биз  ОИТСга  қаршимиз, Сизчи?” номли видеофильмлар намойиш этилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech