Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада такомиллаштириш борасида
Содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашишдан кўра уларнинг барвақт олдини олиш яъни тўлиқ профилактикасига эришиш жамият учун фойдали эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Шундан келиб чиққан ҳолда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи томонидан тасдиқланган иш режасига айни кунларда вилоятда жиноятчиликни жиловлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар шаҳар ва туманлар кесимида атрофлича ўрганиб чиқилмоқда.
Вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Боғот тумани бўлди.
Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб, туманда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида ички ишлар органлари ва ҳамкор ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишларни таҳлил қилишди.
Шундан кейин туман ИИБ профилактика хизмати таркибига кирувчи ходимларнинг иш юритувидаги хизматга оид ҳужжатлар назорат тартибида ўрганилди. Шу билан биргаликда хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар ва инспектор-психологларнинг хизмат жараёнлари ҳам яқиндан ўрганилди.
Бундан 5 йил олдин давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан профилактика инспекторлари учун ўзлари хизмат олиб бораётган маҳалла ҳудудидан хизмат уйлари қуриб берилганлиги профилактика инспекторларининг турмуш тарзи ва яшаш шароитини яхшилаш билан биргаликда ҳар бир маҳаллада тезкор криминоген вазиятни назорат қилиб бориш имконини ҳам яратди.
Бугун профилактика инспекторини ички ишлар органларининг маҳалладаги вакили эмас, балки маҳалланинг ички ишлар органларидаги вакили десак янглишмаган бўламиз.
Ишчи гуруҳ томонидан тумандаги профилактика инспекторларининг хизмат уйларидан фойдаланиш аҳволи ҳам ўрганилиб, уларга зарур тавсия ва топшириқлар берилди.
Кун давомида ишчи гуруҳ томонидан кўрсатилган амалий ёрдам ва ўрганишлар натижаларининг муҳокамасига бағишланган йиғилишда Боғот тумани ҳокими ҳам иштирок қилди.
Дастлаб ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш, туманда жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тизимли равишда амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Йиғилишда профилактика инспекторларининг мавжуд муаммолари ҳам атрофлича ўрганилиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича мақсадли ва манзилли чоралар белгиланди.
Ўз навбатида Боғот тумани Ҳокими туманда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги фидокорона хизматлари ҳамда ўзига бириктирилган маҳаллада жорий йилнинг ўтган даври мабойнида жиноят содир этилишига йўл қўймаган профилактика инспекторларининг фаолиятини алоҳида эътироф этиб ўтди. Ушбу ходимларга туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари тантанали равишда топширилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати