Ҳуқуқий ҳимояга эътибор: Урганч тумани ИИБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори майор Ш.Ботирова фаолиятидан
Урганч тумани ИИБ ҲПБ ходимлари томонидан аёллар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, оилалардаги маънавий муҳитни яхшилаш, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларга амалий ёрдам бериш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, муқаддам судланган, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, яшаш манзилидан узоқ муддатга чет элларга кетган, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмаётган хотин-қизлар билан тизимли ишлар олиб бориляпти.
-Маҳаллаларда тегишли ташкилот ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар бир оиладаги хотин-қизларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити, муаммолари уйма-уй юриб ўрганилмоқда,-дейди туман ИИБ ҲПБ ХҚМБ катта инспектор, майор Шахноза Ботирова.-Ушбу ўрганишлар жараёнида хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, касб-ҳунарга йўналтириш, имтиёзли банк кредити асосида тадбиркорликка жалб этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жойларда амалга оширилаётган бу каби профилактик тадбирлар натижасида хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги оширилиб, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланяпти.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.