9 Феврал 2023 йил 467

Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов Хонқа туманидаги ижтимоий-иқтисодий масалалар билан яқиндан танишди

Айни кунларда Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ва унинг тузилмалари раҳбарлари, вилоят сектор бошлиқлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар масъулларидан иборат ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида фаолият олиб бормоқда.

Республика идоралараро ишчи гуруҳ таркибида Хоразм вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов 9 февраль куни Хонқа туманидаги ижтимоий инфратузилма объектларининг созлиги, аҳолини газ, электр энергияси, кўмир ва ичимлик суви билан таъминланганлиги, истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлиги, ҳудуддаги маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаолларининг ҳамкорликда фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш амалиёти билан яқиндан танишди.

Генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов дастлаб туман сектор раҳбарлари билан биргаликда туман марказий деҳқон бозорида бўлиб, у ерда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик махсулотларининг нархи ҳамда мавжуд миқдорини ўрганди.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг кейинги ташриф манзиллари ижтимоий соҳа объектлари бўлди. Хусусан, тумандаги умумтаълим мактаблари, болалар боғчалари, шифохоналарда бўлган ишчи гуруҳ аъзолари ушбу объектларга иссиқлик таъминоти, электр энергияси ва ичимлик сувининг етказиб берилишини назорат тартибида ўргандилар.

Бугунги кунда аҳолини доимий иш билан таъминлаш асосий масалалардан биридир. Янги иш ўринларини яратиш, ҳорижий инвесторлар иштирокида йирик ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида Хонқа туманида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари туманда яқинда ишга туширилган йирик тўқимачилик корхонасида бўлиб, у ерда хорижий инвесторларнинг айни кунда қандай муаммолари борлиги билан яқиндан танишдилар. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотилиши бўйича давлат томонидан бериладиган амалий ёрдам ва қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар тўғрисида батафсил тушунтириш берилди.

Хонқа туманида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ҳам ишчи гуруҳ эътиборидан четда қолмади. Генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов массив лойиҳаси ва қурилиш жараёнлари билан танишар экан, қурилиш нормаларига қатъий риоя қилиш лозимлигини, биноларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш, шунингдек келгусида мазкур ҳудудни “Рақамли маҳалла” дастури асосида тўлақонли хавфсиз маҳаллага айлантириш юзасидан зарур тавсиялар берди.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давом этмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахброт хизмати

Text to speech