31 Март 2021 йил 702

Қидирув хизмати фаолиятига янгича ёндашув

Жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган шахсларни ушлаш, жазо муқаррарлигини таъминлаш ички ишлар органларининг асосий фаолиятларидан бири ҳисобланади.

Шу пайтга қадар бу тоифадаги шахсларни қидириб топиш ва ушлашда уларнинг яқин қариндошлари ва оила аъзолари билан деярли ҳамкорлик ўрнатилмаган десак муболаға бўлмайди.

Хоразм вилояти ИИБ ва вилоят прокуратураси масъул ходимлари вилоят ҳудудида истиқомат қилган ва айни кунда жиноят содир этганлиги учун тергов ва суд органлари томонидан қидирилаётган шахсларнинг оила аъзолари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ўзаро англашув  учрашувини ўтказди.

Мазкур учрашувда қидирувдаги шахслар ихтиёрий равишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига етиб келиб, жиноятни фош этишда тергов органи билан яқин ҳамкорлик қилса, уларга нисбатан танланган эхтиёт чорасини енгилроғи билан алмаштириш ва жазо тайинлашда назарда тутилган енгилликлар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Учрашувда иштирок этган фуқаролар ўзларининг қидирувдаги оила аъзоларини тергов ва суд органларига етиб келишида амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдириб ўтдилар.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech