7 Март 2024 йил 4120

ИИВ Хоразм академик лицейининг иқтидорли қизлари

ИИВ Хоразм академик лицейида ўзининг билими, иқтидори, интилиши билан юқори натижаларга эришаётган ўқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Улар фан олимпиадаларида, спорт мусобақаларида ўз қобилиятини намоён этиб, алоҳида эътирофга сазовор бўлишяпти. Бундай иқтидорли ёшлар орасида лицейнинг иккинчи босқич ўқувчиси Шоҳиста Юлдашбоева ҳам бор.У“World Usmanov’s Combat systems Association”Федерацияси томонидан 2022 йилда ёшлар ўртасида спортнинг “қўл жанги” тури бўйича ўтказилган мусобақада Ўзбекистон ҳамда осиё чемпионлигини қўлга киритди. Ўтган 2023 йилда эса спортнинг ушбу тури бўйича жаҳон чемпиони, деган шарафли номга муяссар бўлди.

Лицейнинг иқтидорли ўқувчиларидан яна бири Гулшода Эрметоваҳам 2023 йил Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган спортнинг бел олиш ва уч кураш тури бўйича Ўзбекистон чемпионатида фаол иштирок этиб, 1-ўринни эгаллади. Унинг орзуси осиё ва жаҳон чемпиони бўлиш ва юртимиз байроғини янада юксакларга кўтаришдир.

Билим даргоҳида нафақат спорт, балки фанлар бўйича ҳам юқори натижаларга эришаётган ўқувчи-қизлар талайгина. Биринчи босқич ўқувчиси Анахон  Бахтиёрова ҳамда иккинчи босқич ўқувчиси Маржона Қўзибоевалар чет тилларни билиш даражаси бўйича Б-2 сертификатини қўлга киритишган. Лицейнинг биринчи босқич ўқувчиси Азиза Салимова эса 2023 йил 29 ноябрда Урганч шаҳрида бўлиб ўтган фан олимпиадасининг вилоят босқичида рус тили фанидан фахрли 3-ўринни эгаллаб, академик лицейнинг “кичик сержант” унвонини қўлга  киритди.

   -Лицейимизда ўқувчиларнинг билим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган,-дейди лицей директорининг ўринбосари, подполковник Беҳзодбек Қурёзов.-Ҳар ҳафта белгиланган режа бўйича гуруҳлар ўртасида спорт мусобақалари ўтказиляпти. Шунингдек, “Бургут”, “Ёш қутқарувчи”, “Ёш ёнғин ўчирувчи”, “Ёш посбонлар”, “Жалолиддин издошлари” каби ҳарбий спорт ўйинлари қизғин ва муросасиз тарзда давом этмоқда. Ўтказилаётган бундай машғулотлар натижасида лицейимиз ўқувчилари турли нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашяпти.

Шу кунларда лавҳамиз қахрамонлари танлаган йўналишлари бўйича ўтказиладиган нуфузли беллашувларга пухта тайёргарлик кўришмоқда.

 

                                                                        Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” газетаси мухбири

Text to speech