9 Феврал 2024 йил 4867

ИИВ ХОРАЗМ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙИГА ҚАБУЛ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ!

2024 йилнинг 10 февраль кунидан ИИВ Хоразм академик лицейига 2024-2025-ўқув йили учун қабул бошланди.

Ўқишга кимлар қабул қилинади?

ИИВнинг академик лицейларига умумтаълим мактабларининг 9-синфини битказувчи ўқувчилар қабул қилинади. 

Қандай ҳужжатлар талаб этилади?

ИИВнинг академик лицейида ўқиш истагини билдирган номзоднинг аризаси.

Аризага қўшимча қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

- белгиланган шаклдаги сўровнома (анкета);

- намуна асосида ёзилган батафсил таржимаи ҳол;

- ўқиш жойидан (мактабдан) тавсифнома;

- фанларни ўзлаштириши тўғрисида ўқиш жойидан мактаб директори томонидан тасдиқланган маълумотнома;

- ўзи ва яқин қариндошларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва паспорт нусхалари,

- ўзининг (ўғил болалар учун) мудофаа ишлари бўлимларидан рўйхатда туриши тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси;

- 3х4 ўлчамдаги 6 та ҳамда 9х12 ўлчамдаги 2 та (бош кийимсиз, бурчаксиз ва оқ фондаги) фотосурат.

 Ўқишга қабул қилиш нечта босқичдан иборат?

 ИИВнинг академик лицейларига қабул 3 босқичда амалга оширилади:

Биринчи босқич- дастлабки танлов бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

1) дастлабки суҳбат;

2) психологик тест. Психологик тестдан ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди.

3) тиббий комиссия кўриги. Тиббий комиссиядан ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди.

Иккинчи босқич - махсус профессионал танлов бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

1) номзоднинг орфографик ва пунктуацион саводхонлик даражасини аниқлаш (диктант);

2) умумжисмоний тайёргарлигини аниқлаш бўйича синов ;

3) якка тартибдаги якуний суҳбат ўтказиш . Якка тартибдаги якуний суҳбат ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 767-сонли қарори 33-бандида белгиланган.

Учинчи босқич - тест синовлари.

Тест синовлари белгиланган тартиб асосида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси белгилаган муддатларда ўтказилади.

Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Тест синови ўтказиладиган фанлар:

Тарих;

Чет тили;

Она тили ва адабиёт.

Эслатиб ўтамиз, ИИВ Хоразм академик лицейида ўқиш истагидаги 9-синфда ўқиётган ўқувчилардан аризалар ота-оналарининг иштирокида 2024 йил 10 февралдан 2024 йил 15 апрелга қадар ИИВ Хоразм академик лицейи биносида қабул қилинади.

Манзил: Урганч шаҳар, Эгам Рахим кўчаси, 77-уй.

Тел: +99862-224-77-48

Text to speech