26 Июн 2023 йил 5874

ИИВ Хоразм академик лицейининг битирувчиларига дипломлар топширилди

ИИВ Хоразм академик лицейининг жорий йилда тугатган битирувчиларига дипломларни топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов иштирок этди.

Бошқарма бошлиғи битирувчиларга улкан зафарлар ва муваффақиятлар тилаб, бугунги имкониятлардан оқилона фойдаланган холда, келажакда юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган баркамол инсон бўлиб етишишларини таъкидлаб ўтди. 

Мазкур таълим даргоҳида 2 йил давомида таҳсил олган битирувчилар умумтаълим дастурига киритилган фанларни мукаммал ўзлаштириш билан биргаликда, ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига оид таянч билимларга ҳам эга бўлдилар.

Жорий йилда ушбу академик лицейнинг 2-курсини 187 нафар йигит-қизлар тамомлаган бўлса, шулардан 17 нафари фанларни аъло бахоларга ўзлаштиришга эришган.

Академик лицейни аъло бахоларга тугатган битирувчиларга имтиёзли дипломлар вилоят ИИБ бошлиғи томонидан топширилди.

Қатъий тартиб-интизом асосида малакали мутахассислардан таълим олган битирувчиларнинг орасида спортнинг турли йўналишлари бўйича Республика чемпионати совриндорларининг борлиги эса лицейда таълим бериш билан биргаликда ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам ва профессионал тарзда шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилганлигидан далолат беради.

Шунингдек тантанали тадбирда иштирок этган соҳа фахрийлари, битирувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари  битирувчиларга келгусида олий таълим муассасаларининг талабаси бўлишларида муваффақият тиладилар.

Шахдам қадамлар билан саф майдонидан юриб ўтган битирувчиларнинг шижоати тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.   

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech