Ижтимоий тармоқларда “Хоразмнинг Боғот туманида 4 та эркак 1 қизга ташланди” номли сарлавҳа остида жойлаштирилган видеолавҳа юзасидан қўшимча маълумот
2021 йил 7 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “Хоразмнинг Боғот туманида 4 та эркак 1 қизга ташланди” номли сарлавҳа остида тарқатилган видеолавҳада акс этган холат юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётганлиги тўғрисида илгари хабар берган эдик.
Мазкур холат иштирокчиларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид тўпланган ҳужжатлар 2021 йил 8 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди томонидан кўриб чиқилди.
Суд қарорига кўра 1990 йилда туғилган О.А., 1996 йилда туғилган О.А. ва 2001 йилда туғилган А.Н. (эркак) лар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси, 52-моддаси 2-қисми ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, ҳар бирига МЖтКнинг 34-моддаси тартибида узил-кесил 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек суднинг ушбу қарори билан холатнинг бошқа иштирокчилари (хотин-қизлар) 1990 йилда туғилган Н.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, шу кодекснинг 21-моддаси тартибида маъмурий жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантирилган бўлса, 1987 йилда туғилган Д.С. ва 1992 йилда туғилган Г.С. лар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, шу кодекснинг 21-моддаси тартибида маъмурий жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантирилган.
Шу ўринда фуқаролардан жамиятда юриш-туриш қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз, зеро ҳар қандай ҳуқуқбузарлик якунда жавобгарликка сабаб бўлиши унутманг.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати