8 Май 2022 йил 294

Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига байрам совғалари топширилди

Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ва фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 77 йиллиги муносабати билан 3-сектор таркибидаги туманларда истиқомат қилувчи иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг хонадонига ташриф буюриб, уларга байрам совғаларини топширди.

Янгиариқ туманининг Янгиер маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Аминбой ота Матниёзов юз ёш билан юзлашган. Байрам арафасида Аминбой отанинг хонадонидан мехмон аримаяпти. Бошқарма бошлиғи ҳам шундай улуғ кунда отахонни ҳолидан хабар олиб, унга байрам совғаларини топширди. Дилдан қурилган ўзаро сухбат давомида отахон уруш даврида бошидан кечирган кечинмаларини эслаб, юртимиздаги тинчликни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш  лозимлигини таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида уруш қатнашчиларига ва нуронийларга кўрсатилаётган ғамҳўрлик учун барчага миннатдорчилик билдириб, уларнинг ҳақига дуо қилдилар.

Янгиариқ туманининг Баётлар кўчасида истиқомат қилувчи Исмоил ота Авезов ҳам иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиздан биридир.

Бир асрлик умри давомида бошидан кечирган кечинмалари ичида энг оғири бўлган уруш даври қийинчиликлари ва қарилик бугун отахонни тўшакка боғлаб қўйган бўлсада, шукроналик ҳисси уни асло тарк этмаган.

Байрам куни хонадонига вилоят ИИБ бошлиғи ва унга ҳамрохлик қилган туман сектор раҳбарларининг ташрифидан хурсандлигини яшириб ўтирмади. Давлатимизда бугунги кунда нуронийлар ва меҳнат фахрийларига нисбатан қаратилган эътибор ва ғамхўрликдан ғоят миннатдор эканлигини билдириб, қўлларини дуога очди. Исмоил ота хонадонига ҳам байрам совғалари топширилди, уни соғлигини тиклаш ва парваришлаш учун тиббий ходимлар бириктирилди.

Ҳа давлатимизда бугун уруш ва меҳнат фахрийларини қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган бу эзгу ишлар “Барчаси инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотларнинг самарасидир десак муболаға бўлмайди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech