11 Феврал 2023 йил 432

Ишчи ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларнинг илмий фаолияти билан шуғулланишига кенг йўл очилмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги резолюцияси билан 11 февраль “Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни” сифатида расман эълон қилинган бўлиб, бугунги кунда мазкур сана дунёнинг кўплаб давлатларида кенг нишонланиб келинмоқда ҳамда ЮНЕСКО томонидан қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланган мазкур йилда ушбу халқаро кунга бағишлаб 6-11 февраль кунлари “Илм-фанда хотин-қизлар хафталиги” деб эълон қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Мазкур чора-тадбирлар дастуридан келиб чиққан ҳолда илм-фан намоёндаси бўлган хотин-қизлар ва Хоразм вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар иштирокида илмий учрашув ташкил этилди.

Учрашувга шунингдек ИИВ Хоразм академик лицейининг бир гуруҳ иқтидорли ўқувчи қизлари ҳам таклиф этилди.

Урганч давлат университети фахрий профессори Султонпошша Машарипова, шу университет катта ўқитувчилари Тозагул Қаландарова ва Анахон Жуманазаровалар бугунги кунда ўзлари олиб бораётган илмий изланишлари тўғрисида сўз юритдилар.

Нотиқлар ўз нутқида бугунги кунда мамлакатимизда илм-фан билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидланиб, барчани ҳам ушбу имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирдилар.

Семинарда иштирок қилган ички ишлар органлари ходималари ва лицей ўқувчилари ўзларининг касбий фаолиятини такомиллаштиришга оид илмий фаолият билан шуғулланиш юзасидан зарур маслаҳат олдилар.

Учрашув якунида семинарда спикер сифатида иштирок этган ўқитувчи-профессорларга ҳурмат разми сифатида бадиий китоблар тўплами совға қилинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати     

Text to speech