Шижоатли ходималардан бири: Подполковник Гулноз Ғуломова
ИИВ Академиясини тамомлаган лейтенант Гулноз
Ғуломова
Қўшкўпир тумани ИИБ ҲООБ ВЕЎН ва ҲПГ инспектори лавозимида хизмат фаолиятини
бошлади. Албатта унинг соҳага кўникиши у қадар қийин кечмади. Шундай бўлса-да
унга устоз-мураббийлари яқиндан ёрдам беришди. Йўл-йўриқ кўрсатишди. Хизмат фаолиятининг дастлабки биринчи йили ижобий
натижалар билан якунланди ва у вилоят ички ишлар органларининг энг
фаол ёш ходимларидан бири сифатида эътироф этилди. Шундан сўнг Г. Ғуломова гуруҳ катта инспектори
вазифасида ҳам ўн йил самарали хизмат
қилди. Турли танловларда, маънавий-маърифий тадбирларда
фаол иштирок этди.
Айни кунда подполковник Гулноз Ғуломова туман ИИБ ҲПБ Хотин-қизлар
масалалари бўйича катта инспектори лавозимида хизмат қилмоқда. У туман ҳудудидаги маҳаллаларда, муассасаларда,
корхона ва ташкилотларда хотин-қизлар ўртасида жиноят ҳамда
ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш,
иш билан таъминлаш бўйича самарали ишларни амалга оширмоқда. Шунингдек,
маҳаллалар кесимидаги ўрганишлар жараёнида хотин-қизларни ижтимоий фойдали
меҳнатга жалб этиш, касб-ҳунарга йўналтириш, имтиёзли банк кредити ажратилишида
амалий ёрдам беряпти. Тегишли ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда амалга
оширилган бундай саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида
профилактик ҳисобда турган 9 нафар
хотин-қизлар ўз мутахассисликлари бўйичаишга жойлаштирилди. Етти нафарига касб-ҳунар ўргатиш марказига йўлланма
берилди.
Ажрим ёқасига келиб қолган 8 та
оилада соғлом муҳит яратилди. Энг муҳими, туман ҳудудида аёллар томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилиши кескин камайишига эришилди.
Лавҳамиз қаҳрамони юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашдаги
фидойи хизмати учун ИИВнинг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда кўкрак нишонлари билан
тақдирланган. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташаббуси билан ўтказилган “Йил
аёли” миллий танловининг республика босқичи ғолиби.
Яқинда подполковник Гулноз Ғуломова “Намунали
маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик-танловининг вилоят босқичида “Энг фаол
хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор” номинацияси ғолиби, деб топилди.
Худойберган ЖАББОРОВ,