30 Октябр 2020 йил 722

Янгибозор тумани ИИБ томонидан профилактик чора-тадбирлар янги босқичга олиб чиқилди

Мамлакатимиз бўйлаб жорий йилнинг 15 октябрь кунидан 15 ноябрь кунига қадар “Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва хизмат фаолиятини такомиллаштириш” ойлиги кенг миқиёсда ўтказилмоқда.

Хоразм вилоятида ҳам вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фармойишига асосан жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Янгибозор тумани ИИБ шахсий таркиби мазкур ойлик доирасида асосий эътиборни туман ҳудудида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашишга эмас, аксинча жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратдилар.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда асосан кўргазмали тарғибот-ташвиқот ишларидан кенг фойдаланилмоқда.  

Янгибозор туманининг марказий кўчалари, бозор ҳамда ҳиёбонларида йирик ўлчамдаги баннер, панно ва мониторлар ўрнатилиб, аҳолига буклетлар тарқатилмоқда.

Тумандаги ҳар бир маҳалла, меҳнат жамоаси ҳамда таълим муассасаларида профилактик йўналишдаги учрашувлар ўтказилиб, фуқароларга жиноят қурбони бўлиши мумкин бўлган вазиятлар юзасидан ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлар берилиб, огоҳликка чақирилмоқда.

Олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 15 октябрь кунидан буён туман ҳудудида қасддан жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech