Янгибозор туманида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни кучайтириш белгилаб олинди
Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Янгибозор туманида Хоразм вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси, Янгибозор тумани ИИБ ва туман ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 март кунидаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг Янгибозор туманидаги ижроси муҳокама қилинди.
Хусусан, туманда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлигини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда туман ҳокимлиги, ички ишлар бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғишларининг ўзаро ҳамкорлиги атрофлича таҳлил этилиб, келгусида бу борадаги ҳамкорликни янада кучайтириш истиқболлари белгилаб олинди.
Маҳаллада яшовчи, оилавий низолар сабабли “ҳимоя ордери” берилган хотин-қизларнинг ҳимоя ҳуқуқи бузилишининг олдини олишда туман ички ишлар бўлимига яқиндан ёрдам бериб келаётган маҳалла фуқаролар йиғини аёллар фаолларидан бир гуруҳига туман ички ишлар бўлими томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Йиғилиш якунида иштирокчиларга вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан тайёрланган профилактик йўналишдаги буклетлар тарқатилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати