“Яшил макон” миллий дастури: Кўчат экиш жараёнлари уюшқоқлик билан давом этмоқда
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Албатта бу борадаги чора-тадбирларни тизимли равишда ташкил этишда “Яшил макон” миллий дастури ўзининг самарасини бермоқда.
Жойларда “яшил макон” лар ташкил этиш мақсадида олиб борилаётган ушбу эзгу ишларда ички ишлар органлари ходимлари ҳам фаол иштирок қилмоқдалар.
Хусусан, Хоразм вилояти Янгиариқ тумани ИИБ ходимлари ҳам туман ИИБ маъмурий биноси ва унга туташ ҳудудларда ноябрь ойи давомида 150 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу кўчат навларини танлашда маҳаллий иқлим шароитига мос келишига алоҳида эътибор қаратилди.
Экилган ҳар бир кўчатнинг тўлиқ ривожланишини таъминлаш мақсадида, ҳар бир кўчат “яхшидан боғ қолади” шиори остида ички ишлар бўлими ходимларига бириктирилди.
Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари кўчат экиш долзарб 40 кунлиги доирасида ўзларининг яшаш хонадони атрофига ҳам мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш орқали аҳоли ўртасида табиатга ҳавас уйғотишга қаратилган тарғибот ишларини олиб бормоқдалар.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати