Жиноят жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
Ҳар қандай жиноятни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилишдан кўзланган асосий мақсад келгусида шу каби жиноятларни қайта содир этилишини олдини олишда кенг жамоатчиликнинг иштироки ва масъулиятини оширишдир.
Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Боғот туманида содир этилган инсон ўлими билан якунланган мудхиш жиноят Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов томонидан Боғот туманининг “Ўзгариш” маҳалласида жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.
Дастлаб, жиноят тафсилотлари юзасидан Боғот тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи терговчиси батафсил ахборот бериб, жумладан Боғот тумани “Ўзгариш” маҳалласида яшовчи 1979 йилда туғилган шахс, кучли маст холатда ўз уйида турмуш ўртоғини қасддан уриб тан жароҳати етказганлигини ва турмуш ўртоғи олган жароҳатларидан вафот этганлигини, бугунги кунда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги ва гумондор эхтиёт чораси сифатида қамоққа олинганлигини айтиб ўтди.
Шундан кейин жоният содир этилган ҳудуд яъни Боғот тумани “Ўзгариш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан маҳаллада олиб борилган тарғибот-ташвиқот ҳамда профилактик чора-тадбирлар, шунингдек маҳаллабай, хонадонбай усулида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Шунингдек гумондорнинг яқин қариндошлари, қўни-қўшнилари ҳамда имом-хатибнинг мазкур жиноят юзасидан фикр-мулоҳазалари ва келгусида бу каби мудхиш жиноятларнинг олдини олиш борасидаги таклифлари тингланди.
Муҳокама якунига кўра ўз хизмат вазифаларини бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйиб келган масъул шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати