Жума - йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни: Ҳайдовчи ва пиёда бирдек масъул!
Хоразм вилояти худудида йўл транспорти ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, содир этилаётган қоидабузарликларга қарши курашиш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш бўйича назорат ишлари кучайтирилиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 118 029 та йўл ҳаракати билан боғлиқ бўлган қоидабузарликлар аниқланди. Шундан 58 874 таси қўпол қоидабузарликлар, 1019 таси маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш, 1522 нафари қоидабузар пиёдалардир. Шунингдек, ЙПХ инспекторлари томонидан транспорт воситасини бошқариш вақтида уяли алоқа телефонидан фойдаланган 540 нафар, монитордан фойдаланган 6 нафар, хавфсизлик камарини тақмаган 18 507 нафар, транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз бошқарган 4772 нафар, транспорт воситаси ойналарининг тусини ўзгартирган 188 нафар қоидабузар ҳайдовчилар ҳам аниқланиб, улар тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.
Йўл транспорти ҳодисаларининг барвақт олдини олиш мақсадида ҳалқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига 4 дона фоторадар, 5 дона “AutoCon-SC/M” русумли автоматлашган тарзда қоидабузарликларни аниқлайдиган фоторадар комплекси ўрнатилиб, ушбу инновацион технологиялардан самарали фойдаланилмоқда.
Яқинда ЙПХ инспекторлари маъмурий баённомаларни планшетлар орқали электрон тартибда расмийлаштириш тизимига ўтишди. Планшетлар орқали олинган фотосуратлар ва тузилган электрон баённомалар ҳаракат хавфсизлиги компьютерлаштирилган бошқарув тизимига юборилади ва у ерда таҳлил қилинади. Мутахассислар томонидан электрон баённома тўғри ва асосли тузилганлиги тасдиқлангач, бу ҳужжат ҳақиқий ҳисобланади. Жорий этилган ушбу инновацион янгилик ҳаракат иштирокчиларининг белгиланган қоидаларга қандай риоя этаётгани бўйича самарали натижаларни бермоқда.
Автомобиль йўлларининг инфратузилмасини ривожлантириш, ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш борасида 485 та янги йўл белгилари ўрнатилди, 827 та йўл белгилари эса янгисига алмаштирилди, 220 056 квадрат метрдан ортиқ йўлнинг қатнов қисми таъмирланди. Айни кунда автомобиль йўллари, хиёбонлар, автошоҳбекатлар, бозорлар ва аҳоли кўп тўпланадиган жойларга ҳаракат хавфсизлигини тарғиб қилувчи катта ҳажмдаги 32 та паннолар, ҳалқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларининг машиналар юқори тезликда ҳаракатланадиган худудларига 28 та фоторадар макети, 24 та патруль машина муляжи, 27 та маёқчалар ҳамда автомобиль йўлларининг қатнов қисми яқинида жойлашган мактаблар олдига 79 та ўқувчи пиёда макетлари ўрнатилди.
Пиёдаларнинг йўлларда хавфсиз ҳаракатланишлари ва улар билан боғлиқ йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида Урганч, Гурлан ҳамда Ҳазорасп туманлари худудидаги пиёдалар ўтиш жойларига 300 та тунги пайтда ёниб турувчи чироқлар ўрнатилди. Ҳозирги кунда бу борадаги ишлар самарали давом этмоқда.
Шу ўринда вилоят худудида содир бўлган йўл транспорти ҳодисаларига тўхталиб ўтсак:
Жорий йилнинг 4 июль куни соат 20.30лар атрофида Шовот туманидаги Огаҳий маҳалласи худудида шовотлик И.К. ўзига тегишли бўлган “Сапарк” русумли автомашинани ошқариб бораётиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёда Р. М.ни уриб юборган. Натижада пиёда олган тан жароҳати туфайли туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Шу йилнинг 17 июнь куни соат 18.35ларда Урганч шаҳрининг Ғалаба кўчасида шовотлик И.Е. “Ласетти” русумли автомашинада йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган 12 яшар қизчани уриб юборади. Натижада жабрланувчи республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалида ҳаётдан кўз юмган.
Ушбу йўл транспорти ҳодисалари ҳайдовчилар ҳамда пиёдаларнинг белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаганлиги оқибатида содир бўлган.
Ҳафтанинг жума куни “Ҳаракат хавфсизлиги тарғибот куни” ҳамда “Автомобилсиз кун” тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят худудларида 3649 маротаба профилактик учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, ЙҲХБ тарғибот гуруҳи томонидан тайёрланган “Огоҳлик давр талаби”, “Болаларимизни беэътибор қолдирмайлик!”, “Спиртли ичимликнинг ҳар қандай миқдори ҳайдовчи ва ён атрофдагиларнинг ҳаётига хавф солади!”, “Унутма, бу қоида-барчага фойда!”, “Огоҳ ва ҳушёр бўлинг!”, “Йўлнинг қатнов қисмида телефондан фойдаланма!”, “Тўйларда гуруҳ бўлиб ҳаракатланишнинг оғир оқибатлари” мавзуларида тайёрланган 20 та ижтимоий роликлар марказий ҳамда маҳаллий телеканаллар орқали 221 маротаба намойиш этилди.
Тарғибот тадбирларининг самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят “Ватанпарвар” ташкилоти билан ҳамкорликда вилоят худудидаги корхона ва ташкилотларда ҳамда маҳаллаларда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда йўл транспорти ҳодисаларининг барвақт олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу учрашувларда содир этилаётган йўл транспорти ҳодисалари ва унга имкон бераётган шарт-шароитлар атрофлича муҳокама этилмоқда. Фуқароларнинг бу борадаги фикрлари, таклиф ва истаклари тингланмоқда.
Йўлга чиққан ҳар бир ҳаракат иштирокчиси ўз зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис қилиб, белгиланган қоидаларга қатьий риоя этган ҳолда ҳаракатланмоғи лозим. Анашундагина йўлларимизда содир этилиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олган бўлардик.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.