22 Ноябр 2022 йил 498

Касб фидойиларидан бири: Хоразм вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика маркази катта эксперти майор Залилова Лилия

Россия Федерациясининг Татаристан Республикасидаги қишлоқ хўжалик техникумини тамомлаган Лилия туғилиб ўсган юрти-Хоразмга қайтди ва онасининг касбини давом эттириш ниятида вилоят ИИБ Кадрлар бошқармасига ҳужжатларини топширди. Синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган бу қизни вилоят ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бошқармасининг молия-иқтисод бўлимига хизматга қабул қилишди. Орзуси ушалган Лилия севган касбига ўзгача иштиёқ билан ёндошди. Устози сержант Замира Юсупованинг насиҳатларига, ўгитларига амал қилди. Ҳисоб-китоб жараёнларини синчковлик билан ўрганди.

Лилия хизмат фаолиятини давом эттириш билан бирга Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг сиртқи бўлимида ҳам таҳсил олди. У беш йил мобайнида ҳуқуқшунослик илмини пухта эгаллаш билан бир қаторда эксперт-криминалистика соҳасини ҳам чуқурроқ ўрганишга интилди. Академияни тамомлаган лейтенант Лилия Залилова вилоят ИИБ ЖҚ ва ТҚКБнинг канцелярия бошлиғи лавозимига тайинланди. У бу вазифада ҳам сидқидилдан хизмат қилди. Бошқарма раҳбарияти ўзига хос тажриба ва маҳоратга эга бўлган лейтенант Л. Залиловани вилоят ИИБ ЭКБга ўтказишди. У устози подполковник Муҳиддин Караевнинг ёрдами билан касб сирларини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилди. Ёш, янгиликка қизиқувчан бу қиз қисқа вақт ичида бир қатор эксперт-тадқиқот ишларини амалга ошириб, ижобий натижаларни қўлга киритди. Ҳодиса жойини кўздан кечириш, жиноятга алоқадор бўлган ашёвий-далилларни излаб топиш жараёнларида ҳам фаол иштирок этди.

Ҳазорасп туманидаги “Бешта” маҳалласида истиқомат қилувчи М. Каримбойнинг (ҳодиса иштирокчиларининг исми-шарифи ўзгартирилган) хонадонида ўғирлик жинояти содир этилди. Номаълум шахс хонадон эшигини бузиб кириб, шкаф ичидаги 4 000 000 сўм пулни ўғирлаб кетади. Бундан хабар топган хонадон соҳиби дарҳол туман ички ишлар бўлимига хабар беради. Ҳодиса жойига етиб келган тергов-тезкор гуруҳи ходимлари жиноят тафсилотини ўргана бошлайди. Тезкор гуруҳ таркибида бўлган экспертлар эса ҳодиса жойида қолдирилган излардан намуналар олишга киришишади. Хонадондаги барча буюмлар, стол-стуллар, эшик ва дераза ромлари, тутқичлар махсус мослама ёрдамида кўздан кечирилиб, 8 та қўл-бармоқ излари олинади ва улар зудлик билан вилоят ИИБ эксперт-криминалистика бўлимига юборилади. Ушбу маълумотлар бўлим катта эксперти, майор Лилия Залиловага топширилади. Ҳодиса жойидан олинган қўл-бармоқ излари устида бир неча соат эксперт-тадқиқот ишларини олиб борган тажрибали эксперт излар жабрланувчининг қариндоши ҳазорасплик Х. Чиннигулга тегишли эканини исботлаб беради.

Хуллас, тажрибали экспертнинг синчковлиги туфайли содир этилган ўғирлик жинояти шу куниёқ “иссиқ изи”дан фош этилди.

-Лилия ҳақида кўплаб ижобий фикрлар билдириш мумкин,-дейди вилоят ИИБ ЭКМ бошлиғи, майор Олимбой Ражабов.-У мана 14 йилдирки марказимизда самарали хизмат қилиб келмоқда. Ҳамкасблари уни қатьий тартиб-интизомга амал қиладиган маҳоратли эксперт, тажрибали мураббий сифатида ҳурмат билан тилга олишади. 

Лавҳамиз қахрамони 23 йиллик хизмат фаолияти давомида 28 маротаба рағбатлантирилган ва бирон маротаба интизомий жазога тортилмаган. У касбининг ана шундай фидойиларида бири.

 

                                                                           Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                   “Postda” мухбири.

Text to speech