30 Сентябр 2022 йил 685

Касбини эъзозлаган кам бўлмас

Ҳарбий хизматдан қайтган Ойбек Қиличев осойишталик посбони бўлишга аҳд қилди. Синов имтиҳонларидан ўтган бу йигит вилоят ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бошқармаси алоҳида баталъонига хизматга қабул қилинди. Касбий кўникма ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатьий риоя этиш ҳар бир ходим учун муҳим эканлигини яхши англаган бу йигит устози катта сержант Умид Собировнинг насиҳатларига, ўгитларига амал қилди. Соҳавий хизматга оид адабиётларни қунт билан ўқиди. Шунингдек, шахсий таркиб ўртасида ўтказилаётган беллашувларда, танловларда фаол иштирок этди. У қўриққа олинган масканларни ишончли муҳофаза қилиш билан бирга майда ташмачиликка қарши курашишда ҳам ҳамкасбларига ўрнак бўлди. Хизматда ижобий ютуқларга эришаётган бу йигит кўп ўтмай тажрибали ходимлар сафидан жой олди. У олти йил қўриқлаш батальонида самарали хизмат қилди. Вилоят ИИБ раҳбарияти етарли тажрибага эга бўлган сафдор Ойбек Қиличевни йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг йўл патрул хизмати инспектори лавозимига ўтказишди. У бу вазифада ҳам масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда сидқидилдан хизмат қила бошлади.   

-Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ходимдан ниҳоятда хушёрликни, ҳар қандай мураккаб вазиятда аниқ ва тўғри қарор қабул қилишни талаб этади,-дейди ЙПХ инспектори, сафдор Ойбек Қиличев.-Хизмат фаолиятим давомида айнан ўша жиҳатларга алоҳида эътибор қаратдим ва хизмат интизоми ҳамда қонун талабларига қатьий риоя қилдим. Ҳайдовчилар билан хушмуомала бўлишга, қоидабузарлигини босиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қилдим. Айни кунда ҳам ушбу талаблар асосида хизмат фаолиятимни давом эттираяпман.

Ўзининг фидойилиги, касбига бўлган садоқати билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бу йигит вилоят ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тадбирларда ҳам фаол иштирок этаяпти. Жорий йил сарҳисоби бўйича у 2448 та йўл транспорти ҳаракати билан боғлиқ бўлган қоидабузарликларни аниқлашга муваффақ бўлган. Шундан 463 таси қўпол, 31 таси маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш, 282 таси қувиб ўтиш, 179 таси тезликни ошириш, 37 таси светафорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш, 48 таси суғурта полисига эга бўлмаслик, 23 таси автомашина ойналарининг тусини ўзгартириб ҳаракатланиш каби қоидабузарликлардир. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича ўтказилган 141 та рейд тадбирларида ҳам иштирок этиб, транспорт воситаси билан боғлиқ бўлган жиноятларни фош этишда фаол қатнашди. Йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш мақсадида вилоят ИИБ бошлиғининг фармойиши билан ўзига бириктирилган корхона ва ташкилотлар, мактаб, мактабгача таълим муассасаси, бозорлар, автомобиль тўхташ бекатларида 172 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказган. Бундан ташқари, “Қидирув” тадбирида ҳам фаол иштирок этиб, Хива тумани мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан қидирув эълон қилинган “Хива мега стар” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган “Нексия-3” русумли автомашинани ҳамда Шовот тумани мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан қидирувга олинган С.Абдуллаевага тегишли бўлган “Лада Веста” русумли автомашиналарни видео кузатув мосламалари орқали аниқлаб, ушлаш чораларини кўрган.

Лавҳамиз қахрамони тажрибали мураббий сифатида ёш ходимларнинг касбий кўникмасини оширишга, уларнинг билим савиясини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор бермоқда. Тажрибали устоз тарбиясини олган сафдорлар Равшан Ибодуллаев, Ёқуббой Комилов, Жамшид Асметов, Валижон Давлатёров сингари кўплаб ички ишлар органлари ходимлари хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришиб, ҳамкасбларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлишмоқда.

Мана ўн уч йилдирки халқ осойишталигини таъминлашдек шарафли касбда сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сафдор О. Қиличев ҳалқ назарига тушди, ҳамкасбларининг ҳурмат эътиборига сазовор бўлди. Бу эътироф унга давлатимизнинг юксак мукофотини инъом этди.

Касбини эъзозлаган кам бўлмас, дейишади. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олишдаги фаол иштироки учун сафдор Ойбек Қиличев мамлакатимиз Мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

 

                                                                     Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                              “Postda” мухбири.

                                                                               

Text to speech