17 Декабр 2021 йил 681

Касбини улуғлаган хор бўлмас: Катта сержант Ҳасан Оллаёров  

Хизмат вазифасини бажараётган Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ алоҳида конвой гуруҳи ҳайдовчи-ходими, катта сержант Ҳасан Оллаёров бир неча сумкаларни кўтарганча шошиб бораётган икки нафар шахсга кўзи тушиб қолди. Улар ён-атрофга хавотирли қараганча Урганч шаҳридаги кўп қаватли бинолар томон шошилишарди. Бу кимсаларнинг ҳатти-ҳаракатидан шубҳаланган катта сержант дарҳол худуд ички ишлар бўлимига хабар берди. Зудлик билан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида шубҳали кимсалар қўлга олинди. Суриштирувлар давомида бу шахслар муқаддам судланган В.Р. ҳамда О. А.лар бўлиб, улар шаҳар худудидаги “Тибет” МЧЖ бозорида тадбиркорлик билан шуғулланаётган 4 нафар фуқароларнинг товар-моддий бойликлари жойланган сумкаларни яширин равишда ўғирлаб кетаётгани маълум бўлди.

Катта сержант Ҳасан Оллаёровнинг хушёрлиги, касбга бўлган садоқати туфайли содир этилган жиноят “иссиқ из”да фош этилди.

Ҳарбий хизмат сафидан ижобий тавсифнома билан қайтган лавҳамиз қахрамони вилоят ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси алоҳида батальонига хизматга қабул қилинди. Унга бу хизмат бегона эмасди. Чунки у ҳарбий хизмат пайтида ҳам объектларни қўриқлаш гуруҳининг тажрибали аскарларидан бири эди. Шу боис, сафдор Ҳасан Оллаёров бу соҳага ўзгача бир иштиёқ билан киришди. Устозларининг маслаҳатларига, насиҳатларига, ўгитларига амал қилди. Билмаганларини сўраб ўрганди. Орадан кўп вақт ўтмай мустақил иш юрита оладиган, буйруқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида бажарадиган, жамоат ишларида фаол иштирок этадиган ғайрат-шижоатли ходимга айланди. Айниқса, ёш ходимнинг майда ташмачиликка қарши курашишдаги самарали фаолияти кўпчиликка ибрат бўлди. Хизматда ижобий ютуқларга эришаётган бу йигит кўп ўтмай тажрибали ходимлар сафидан муносиб жой олди. Сафдор Ҳасан Оллаёров қўриқлаш хизматида беш йил сидқидилдан хизмат қилди. Сўнгра уни вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальонига хизматга тайинлашди. У бу жамоада ҳам зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажаришга астойдил интилди. Жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун бир неча бор бошқарма раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланди. Кичик сержант Ҳасан Оллаёров 2014 йилда вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси алоҳида конвой гуруҳида ҳайдовчи-ходим вазифасида хизмат фаолиятини давом эттирди.

 -У доимо хизмат вазифасини бажаришга масъулият билан ёндошиб, ҳар бир топшириқни аниқ ва ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилади,-дейди вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ алоҳида конвой гуруҳи командири, катта сержант Журат Машарипов.-Айниқса, моҳир мураббий сифатида ёш ходимларнинг касбий маҳоратини оширишда бу инсоннинг хизмати алоҳида таҳсинга лойиқ. Шу боис, кўплаб ходимлар уни ўзларининг меҳрибон устози сифатида ҳурмат қилишади.    

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган хизмат жараёни таҳлилига кўра, алоҳида конвой гуруҳи ходимлари томонидан суд ва тергов органлари талабномалари бўйича 593 та конвой тадбирлари амалга оширилган. Ушбу тадбирларда 687 нафар шахс суд ҳамда тергов органларига олиб борилган. Хизмат ходимларининг зиммаларидаги вазифаларга масъулият билан ёндошганликлари туфайли фавқулодда ҳолатлар содир қилинишига ҳамда хизмат интизомининг бузилишига йўл қўйилмаган. Гуруҳ командири бундай самарали натижаларга эришишда тажрибали мураббий, катта сержант Ҳасан Оллаёровнинг муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида эътироф этиб ўтди.

Касбини улуғлаган хор бўлмас, дейишади. Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашдаги фидойи хизмати учун катта сержант Ҳасан Оллаёров 25 октябрь-Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ "Содиқ хизматлари учун" медали билан тақдирланди. Бу юксак мукофот унинг хизматига берилган муносиб баҳодир.

                     

                                                                      Худойберган ЖАББОРОВ, 

                                                                              “Postda” мухбири

Text to speech